Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида 30 август куни Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғининг очилиш маросими бўлиб ўтди. У шаҳардаги ягона боғ бўлиб, эндиликда умуман ўзгача кўриниш касб этди, деб ёзади Kun.uz.
"Бизнинг оилада 8 фарзанд бор. Бунга қадар боғларга кириш учун Тошкент шаҳрига борардик. Йўл 30 километрни ташкил этади. Эндиликда, она шаҳримизда барча замонавий аттракционлар билан жиҳозланган катта боғимиз бор. Кекса авлод вакиллари ҳам фаввораларга бой боғнинг соя-салқин қисмида ёзнинг иссиқ кунларида ҳордиқ чиқаришлари мумкин", - дейди шаҳарда истиқомат қилувчи Гулмира Пўлатова.
3,2 гектарлик майдонга эга боғ ҳудуди – фаол ҳордиқ чиқариш, маданий дам олиш ишқибозлари учун ҳақиқий совғадир. Ёшлар эса қатор замонавий аттракционларга тушишлари мумкин.
Боғ директори Жаҳонгир Алимовнинг сўзларига кўра, Хитойдан 20дан ортиқ аттракционлар олиб келиниб, ўрнатилган. Боғ ҳудуди ҳам ободонлаштирилган. Мевали ва декоратив дарахтлар ўтқазилди. Турли ширинликлар билан тўла бир неча кафе иш бошлади.