Яссиоёқлик оёқ панжасининг мураккаб ва энг кўп учрайдиган деформациясидир. У туғма ва орттирилган бўлиши мумкин. Тажрибада асосан орттирилган ясси-оёқлик учрайди. Яссиоёқликнинг пайдо бўлишида ёндош касалликлар (рахит, миопатия, неврологик касалликлар, жароҳат), рационал бўлмаган поябзал сабаб бўлиши мумкин.
Яссиоёқликнинг қуйидаги клиник белгилари мавжуд: болдир-панжа бўғими суяклари жойлашишида шундай бузилиш рўй берадики, панжа кафтининг ўртаси – ерга тегмайдиган қисми яссиланиб, тегадиган бўлади, натижада, оёқ кафти кенгайиб, ялпоқланиб қолади. Бу касаллик қизлар ва ўғил болаларда деярли бир хил даражада учрайди. Юқорида санаб ўтилган ўзгаришлар натижасида болаларнинг қадам ташлаши бузилади, оғирлик оёқ кафтига зарб билан тушади ва таянч-ҳаракат системасининг юқори қисмига ҳам нотўғри тақсимланади, иккиламчи деформация ва касалликлар пайдо бўлади. Оёқ веналарининг варикоз кенгайишида ҳам яссиоёқликни маълум даражада сабабчи деб кўрсатиш мумкин.
Даволаш усуллари ҳақида гапирганда, яссиоёқлик аниқланиши билан муолажаларни бошлаш зарурлигини айтиш мақсадга мувофиқ. Туғма яссиоёқликда бола чиллалик давридан бошлаб даволовчи массаж ва ванна қабул қилгани маъқул. Орттирилган яссиоёқликнинг биринчи белгилари пайдо бўлиши сезила бошлагач – даволовчи массаж, кальций хлор эритмаси билан электрофорез, парафин ёки озокерит апликациялари, тузли даволовчи ванналар буюрилади. Поябзал, албатта, супинаторли бўлиши керак. Умуман оёқ кийими ҳақида гапирганда, кун давомида фақат битта оёқ кийимида юриш маслаҳат берилмайди, уни бир-икки марта алмаштириш мақсадга мувофиқ. Ушбу касалликда хирургик усули жуда кам ҳолатларда қўлланилади.
Яссиоёқлик узоқ вақт даволанадиган, сабр ва қаноат талаб қиладиган касаллик эканлигини унутмаслик керак. Бу касалликни болаларда асоратсиз тўлиқ даволаш мумкин. Катталарда ҳам даволаш муолажалари доимий равишда ўтказиб турилса, ҳеч қандай асоратлар кузатилмайди.
Манба: Avitsenna.Uz