Биласизми?

1 мартдан бошланғич синфларни 5 кунлик ўқишга ўтказиш режалаштирилмоқда

Жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб тизимли равишда умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфлари ҳафталик ўқув давомийлиги 5 кун бўлган ўқиш жараёнига ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда KUN.UZ’нинг Халқ таълими вазирлигидаги манбаси хабар берди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашидаги манбанинг билдиришича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 февралдаги 11-сонли йиғилиши баёни билан шундай ўзгариш жорий этилмоқда.

5 кунлик ўқиш жараёнига ўтилиши муносабати билан ота-оналар ва кенг жамоатчилик ўртасида бу борада тарғибот тадбирлари амалга оширилади.

Қайд этилишича, ҳозир 1-синф ўқувчилари беш кунлик ўқиш тартибига ўтказилса, кейинги ўқув йилидан бошлаб 5-синфгача бўлган ўқувчилар ҳам бу жараёнга жалб этилади.

Тарғибот тадбирлари давомида асосан ота-оналарнинг фарзандлари билан оилавий дам олишларига, оилани жипслаштириш, ота-оналар ва фарзандлар ўртасида меҳр-оқибатни ривожлантириш ҳамда чин маънодаги оилавий анъаналарни вужудга келтириш, маданий тарихий обидаларга бирга саёҳат уюштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.