Биласизми?

2016 йилда 7,7 минг 1 ёшгача бўлган гўдаклар ўлими қайд этилди

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган йилнинг январ-декабр ойларида 154,5 мингта ўлим қайд этилган бўлиб, мос равишда ўлим коэффициенти 4,8 промиллени ташкил этди, деб ёзади Uz24.uz.

Ўлим коэффициентининг ўсиши Навоий (4,5 промилледан 4,7 промиллегача), Сурхондарё (4,1 промилледан 4,3 промиллегача), Сирдарё (4,8 промилледан 5,0 промиллегача), Қашқадарё (4,0 промилледан 4,1 промиллегача), Хоразм (4,5 промилледан 4,6 промиллегача) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (4,6 промилледан 4,7 промиллегача) кузатилди.

Ўлим коэффициентининг пасайиши Андижон (5,2 промилледан 5,1 промиллегача), Наманган (4,7 промилледан 4,6 промиллегача), Тошкент (5,9 промилледан 5,8 промиллегача), Фарғона (5,0 промилледан 4,9 промиллегача) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (6,9 промилледан 6,8 промиллегача) қайд этилди.

Рўйхатга олинган жами ўлганларнинг 59,6 фоизи қон айланиш тизими касалликларидан, 9,4 фоизи - ўсимталардан, 6,7 фоизи - бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 5,9 фоизи - овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 4,9 фоизи - нафас олиш аъзолари касалликларидан, 1,9 фоизи - юқумли ва паразитар касалликлардан, 11,6 фоизи - бошқа касалликлардан вафот этган.

Ўтган йил мобайнида 7,7 мингта 1 ёшгача бўлган болалар ўлими қайд этилди ва гўдаклар ўлими коэффициенти 10,5 промиллени ташкил этди.

Рўйхатга олинган 1 ёшгача ўлган жами болаларнинг 56,7 фоизи перинатал даврда юзага келадиган ҳолатлардан, 22,4 фоизи - нафас олиш аъзолари касалликларидан, 9,8 фоизи - туғма аномалиялардан, 3,1 фоизи - юқумли ва паразитар касалликлардан, 1,9 фоизи - бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 0,6 фоизи - овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 5,5 фоизи - бошқа касалликлардан вафот этган.