Тошкент шаҳрида 2018 йилда янги қуриладиган ва мавжуд кўп қаватли уйларни биринчи ва иккинчи қаватларида ташкил этиладиган мактабгача таълим муассасалари режа-жадвали тасдиқланган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Жорий йилда Тошкент шаҳрида 420 дан ортиқ кўп қаватли уйлар қурилади. Ушбу кўп қаватли уйларни 220 таси хусусий тадбиркорлар томонидан, 200 таси Ўзбекистон Республикаси Президентинг ПҚ-3350-сонли қарори асосида янги қуриладиган кўп қаватли уйлар ҳисобланади. Ушбу уйларни 220 тасининг биринчи ва иккинчи қаватларида тадбиркорлар томонидан 80 ўринли кичик ҳажмдаги хусусий болалар боғчалари ташкил этилади.
Ҳозирда мавжуд кўп қаватли уйларда болалар боғчаларини ташкил этиш истагини билдирган тадбиркорларга ҳам розилик берилади. Кўп қаватли уйларни олди ва орқа томонларидаги ер майдонларида болалар ўйингоҳларини барпо этишга рухсат берилади. Мазкур боғчаларни ташкил этиш ҳисобига бу йили беш мингга яқин болалар боғчаларга қамраб олинади.
Тошкент шаҳрида ҳар бир туманда бўш турган бинолар ва айрим ҳолларда хусусий тадбиркорларга мактабгача таълим муассасалари қуриш учун ер ажратиш ҳисобига ташкил этиладиган мактабгача таълим муассасалари режа-жадвали тасдиқланган. Унда ўрганиш ва таҳлиллар асосида туман ҳокимликлари томонидан бўш турган биноларда, Мактабгача таълим бош бошқармаси балансида бўлган бўш турган биноларда, Бинолардан фойдаланиш департаменти томонидан ажратилган биноларда, ҳозирда филиал тарзида фаолият юритаётган боғчаларида ҳамда ер майдонларини ажратиш ҳисобига, хусусий боғчалар ташкил этилади. Ушбу хусусий болалар боғчалари аҳолини талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилади.
Бугунги кунда фаолият юритаётган мактабгача таълим муассасаларидаги айрим таъмирталаб гуруҳларни ишга тушириш ҳисобига ташкил этиладиган гуруҳларнинг режа-жадвали тасдиқланган бўлиб, Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси тасарруфидаги мавжуд 447 та болалар боғчаларининг 407 гуруҳлари таъмирга муҳтож бўлганлиги сабабли фаолияти тўхтатилган. Жорий йилда ушбу гуруҳларни таъмирлаш ва ишга тушириш ҳисобига яна 10 минг бола давлат тасарруфидаги боғчаларга қамраб олинади. Ҳозирда тегишли бошқармалар ва хизматлар томонидан ушбу гуруҳларни таъмирлашга ва мебель билан таъминлашга сарфланадиган маблағ ҳамда уларни манбалари ҳақида дастлабки ҳисоб-китоблар олиб борилмоқда.
Якка тартибдаги хонадонларда ташкил этиладиган мактабгача таълим муассасаларининг режа-жадвали тасдиқланган бўлиб, Тошкент шаҳрида 146 минг дан ортиқ якка тартибдаги хонадонлар мавжуд бўлиб, ўрганиш ва таҳлилларга кўра, уларнинг 202 дан ортиғида, ушбу хонадон эгалари ва ҳудудда жойлашган аҳолининг талаб ва таклифлари ҳамда хоҳиш-истаклари инобатга олиниб 40-50 ўринли хусусий болалар боғчалари ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Ушбу қарор асосида пойтахтимизда 2018 йилда 53 мингта, 2019 йилда 16 мингта, жами 69 мингта 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болалар мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинади. Ҳар бир туманда 3 тадан 5 тагача болалар боғчаларига таълим муассасаларида соғлом ва тўғри овқатланишини таъминлаш мақсадида намунали фаолият юритаётган умумий овқатланиш корхоналари томонидан хизмат кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилади. Ҳозирда болаларни тўғри рационал овқатлантириш бўйича таомнома (меню) ишлаб чиқилмоқда.
Шу ўринда болалар боғчаларини ташкил этиш истагини билдирган тадбиркорлар туман ҳокимликларига ариза билан мурожаат қилади. Туманда энг намунали ва замонавий лойиҳалар очиқ ҳамда ошкоралик тарзида танлаб олинади. Шу тарзда туман ҳокимликлари томонидан болалар боғчаларини ташкил этиш мақсадида бўш бино ва ер майдонлари ажратилади.