Она ва бола

7 ёшгача болаларда ўтиш даври инқирозлари

Кўпчиликнинг назарида ўтиш даври инсон ҳаётининг фақатгина ўсмирлик қисмида содир бўлади. Аммо ундай эмас. Балки биз умримиз давомида 7-8, баъзан 10 маротабагача ўтиш босқичларини бошдан кечирамиз. Қайси давр бўлмасин, уларнинг ҳар бирида мураккаб эмоционал ҳолат юзага келиши мумкин. Бунда инсон боласининг ўзи ва атрофидагилар билан муносабати ўзгаради, турли касалликлар, стресс, сурункали ҳолсизлик ва асабийлик, организмда гормонал ва бошқа физиологик эврилишлар кузатилади. Мазкур мақолада инсон ҳаётининг дастлабки босқичидаги энг муҳим, диққат ва эътибор қаратиш лозим бўлган ўтиш даври инқирозлари санаб ўтилган.

Янги туғилган гўдакдаги инқироз. Гўдак дунёга келар экан, табиийки, маълум муддат организмининг мутлақо нотаниш муҳитга мослашиш жараёнини бошдан кечиради. Яъни, иссиққина, хавф-хатарлардан ҳоли она қорнидан ёруғ дунёга қадам ранжида қилади. Бу пайтда нафас олиш ва овқатланишдан тортиб, кўриш, ҳаракатланиш ва бошқа кўплаб физиологик жараёнлар бутунлай ўзга бир шаклга алмашинади. Психотаҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, бу пайтда олинган ҳар қандай тан жароҳати инсонга умр бўйи ҳамроҳлик қилади.

3 ёш инқирози. Шахсий “мен”ни англаш босқичи ҳисобланган 3 ёшда кўпчилик болалар катталар ва тенгдошлари билан ижтимоий муносабатларни ўрнатишда қийинчиликларга дуч келади. Машҳур немис психологи Эльз Келер “Уч ёшли бола шахсияти” номли ишида мазкур даврда турган болалар руҳиятига хос ўзгаришларнинг етти кўринишини санаб ўтган. Унинг фикрича, бу босқичда негативизм, яъни бир одамнинг бошқа кишилар билан муносабатларида салбий реакция кузатилиб, бола катталарга бўйсинишни истамайди. Шу билан бирга, инжиқлик, қайсарлик, ўзбошимчалик, эътироз билдиришлар, катталарни қадрсизлантиришга уриниш ва болалар деспотизми (зўравонлиги) кузатилиб, кўпинча ундан “мен ўзим...” иборасини эшитиш мумкин. Нотўғри тарбия натижаси ўлароқ, боланинг жавоб реакцияси баъзи ҳолларда ўта салбий ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин.

6-7 ёшга келиб болада тишларнинг алмашиши, юз қиёфасининг ўзгариши, бола танасининг тез ўсиши, организми чидамлилигининг ортиши, мушакларнинг қувватга тўлиши, ҳаракатлар мувозанатининг такомиллашуви кузатилади. 3 ёшлилар инқирози пайтида бола ўзининг мавжудлигини, менини англаб етган бўлса, бу ёшга келиб ижтимоий муносабатлардаги ўз ўрнини топишга ҳаракат қила бошлайди. Яъни, мавжудликдаги “мен”дан ижтимоий “мен” сари қадам ташланади. Мактабгача ёшдаги бола ўз-ўзига “мен меҳрибонман”, “мен қийналаяпман”, “мен ёмон иш қилаяпман” деган сўзларни айта олади. Ўз ҳаракатларига нисбатан онгли ёндашиб, эски қизиқишлар ўрнига янгилари билан шуғуллана бошлайди.

Бироқ болада ҳали ҳиссиётларини бошқариш қобилияти шаклланмаган бўлади. Омадсизликлар занжири (ўқиш ёки катталар билан бўлган муносабатларда) норасолик, камситилиш, ўзига ишончнинг сусайиши, компетентлик, ўзига хосликларнинг йўқолишига олиб келиши мумкин. Бола онгли равишда қандайдир ролни бажариш, аввалдан тайёрланган, бироқ унчалик ҳақиқатга мос бўлмаган қиёфаларга киришга ҳаракат қила бошлайди. Бу пайтда бола тарбиясида оғирлашиб, уни бошқариш бирмунча қийинлашади. Мазкур даврда бола учун энг зарур бўлган нарса — ҳурмат. Агарда мазкур эҳтиёж қондирилмаса, у билан ўзаро тушунишга асосланган муносабатларни ўрнатиш қийинлашади.

Шу билан бирга, ота-онасининг одатий буйруқ ва талаблари билан ҳисоблашиб, муҳокама қила бошлайди, айёрлик, ўжарликка мойил бўлади. Тез-тез “нима учун?”, “қандай?”, “нега?” деган саволларни бера бошлайди. Мазкур ёш самимийликнинг йўқолиши билан ҳам характерли бўлиб, бу боланинг ҳар бир хатти-ҳаракатига эҳтиёткорлик ва босиқлик, сабр-тоқат билан жавоб бериш лозимлигини англатади.