Биласизми?

Алимент миқдорини камайтириш мумкинми?

АЛИМЕНТ МИҚДОРИНИ КАМАЙТИРИШ МУМКИНМИ?

Ўғлим биринчи турмушидан 2 нафар фарзанди билан ажрашган. Болалари учун алимент тўлайди. Иккинчи турмушидан ҳам икки нафар фарзандли, учинчи ҳам дунёга келиш арафасида. Ҳозирги оиласидан ҳам фарзандлари кўпайгач, судга биринчи турмушидан туғилган фарзандлари учун тўланаётган алимент миқдорини камайтириб бериш ҳақида мурожаат билан чиқдик. Мурожаатимиз қондирилмади. Ҳозирги иқтисодий қийин аҳволимизни инобатга олиб алимент миқдорини камайтирса бўлмайдими?

Д.Аминова, Хоразм вилояти Хива шаҳри Р.Шарипов кўчаси

Ойбек БАРАКАЕВ, Ўзбекистон Республикаси Олийсудининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати котибияти катта консультанти:

— Авваламбор, шуни таъкидлаш жоизки, вояга етмаган фарзандлар таъминоти учун алимент ундириш масаласи ва алимент тўлови билан боғлиқ низолар Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда тасдиқланган Оила кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2016 йил 29 июлда қабул қилинган "Судлар томонидан вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болалар таъминоти учун алимент ундиришга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида"ги 11-сонли қарори билан тартибга солинади.

Амалдаги Оила Кодексининг 105-моддасига асосан алимент тўлаётган ота-онанинг бощқа вояга етмаган болалари бўлиб, ундан қонунда белгиланган микдорда алимент ундирилганда ўша болалар алимент олаётган болаларга нисбатан моддий жиҳатдан камроқ таъминланиб қоладиган бўлса, шунингдек алимент тўлаётган ота (она) ногирон бўлиб, моддий жиҳатдан қийналиб келаётган бўлса ёки алимент олаётган шахс мустақил даромадга эга бўлган такдирда, алимент миқдори суд томонидан камайтирилиши мумкин.

Қайд қилинган қонун талабидан келиб чиққан ҳолда Д.Аминованинг ўғли биринчи турмушидаги фарзандлари учун алимент тўловини амалга ошириб келган ҳолда қарамоғида иккинчи турмушидан болалари борлиги ҳолати уни алимент мажбуриятидан озод қилиш ёки тўланаётган алимент миқдорини камайтириш учун асос бўла олмайди. Чунки алимент миқдорини камайтириш асослари қонунда аниқ белгиланган.

Шу билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 115- моддасига асосан бошқа-бошқа ота-онадан туғилган вояга етмаган болалар учун суднинг бир неча ҳал қилув қарорларига асосан бир ота (она)дан ундирилаётган алиментнинг умумий миқдори ушбу Кодекснинг 99- моддасида назарда тутилган миқдордан ошиб кетса, алимент тўловчи ота (она) алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи кимнинг фойдасига чиқган бўлса, ўша шахсларнинг ҳар бирига нисбатан алиментнинг миқдорини тегишлича камайтириш тўғрисида даъво тақдим этиши мумкин.

Манба: Darakchi.uz