Биласизми?

Антибиотикларнинг чақалоқларга қандай салбий таъсири борлиги аниқланди

Американинг Цинциннати Болалар тиббиёт маркази тадқиқотчилари ва уларнинг Филадельфиядаги Болалар шифохонасида фаолият юритувчи ҳамкасблари антибиотикларнинг янги туғилган чақалоқларда пневмониянинг ривожланиш хавфини оширишини аниқлашди. Бу ҳақда Kun.uz нашри хабар бермоқда.

Сичқонларда ўтказилган тажриба шуни кўрсатдики, эндигина дунёга келган кемирувчиларнинг иммунитетини ривожлантириш учун ичакнинг муайян ҳужайралари ва нормал микрофлора таркибига кирувчи бактерияларнинг ўзаро "ҳамжиҳатлиги" муҳим. Бу "ҳамжиҳатлик" натижасида ўпканинг шиллиқ қаватига чақалоқларни бактериал пневмониядан ҳимояловчи ҳужайралар кириб боради.

Тадқиқот давомида аниқланишича, антибиотиклар бактерияларнинг ичакка ўтишига тўсқинлик қилади, бунинг натижасида эса улар муайян ҳужайралар билан реакцияга киришмайди. Табиийки, нафас олиш тизимига зиён етказадиган патоген бактериялардан ҳимоя шаклланмайди.

Хулосалар шуни кўрсатмоқдаки, антибиотиклар янги туғилган чақалоқларнинг ўпка яллиғланишига олиб келувчи микроорганизмлардан келиб чиқувчи ўлим хавфини оширади.