Бангладешнинг Булбария қишлоғида истиқомат қилувчи жуфтлик оиласида прожерия хасталиги билан касалланган чақалоқ дунёга келди.
Булбария қишлоғидаги камбағал фермер Бисважит Патронинг рафиқаси Парул Патро дунёга келтирган чақалоқ кекса чоллар каби ташқи кўринишга эга. Шифокорларнинг таъкидлашича, бу бола бошқаларга қараганда вақт ўтишидан 8 марта тезроқ таъсирланади.
Шундай бўлса-да, чақалоқнинг онаси оиланинг бошқа аъзолари каби хурсандлигини билдирган. Бисважит эса, иккинчи фарзанди ўзига ўхшагани хусусида берилган саволга ҳам фикр билдирган.
“Бизнинг биринчи фарзандимиз - Апарна онасига ўхшаган. Аммо, бу болам менга тортди. Мен бахтиёрман”, - дея унинг сўзларини келтиради India Today нашри.
Лекин, масаланинг тиббий томони ҳам бор. Маълумотларга кўра, прожерия хасталигидан азият чекувчи болалар аксарият ҳолларда ёшлигидаёқ вафот этишади.
“Бола отаси каби кекса кўринади. Шунга кўра, чақалоқ узоқ умр кўришидан умидворман”, - деган чақалоқнинг тоғаси.
Шифокорлар ўз навбатида бола ва онасининг аҳволи яхши эканини айтишмоқда.