Болалар бирор нарса ёки ҳодиса ҳақида сўзлай туриб, турли овозлар чиқариб, сакраб кетади. Болаларнинг таассуротлари доим катталарникига қараганда тўлиқроқ ва ёрқинроқдир, шунинг учун ҳам улар узоқ вақтгача хотирада сақланади. Кечагина нима қилганини яхши эслолмайдиган катталар ҳам болаликдаги ёрқин хотираларни сира унутмайди.
Мақоланинг биринчи қисмида 1 ёшгача бўлган болаларнинг хотирасини ривожлантирувчи машқларни келтирган эдик. Фарзандингиз учун фойдали бўлган бундай машқларнинг кейинги ёшлар учун мўлжалланган категориялари билан танишинг.
1 ёшдан 3 ёшгача
Тахминан 1 ёшдан бошлаб боланинг асаб тизими ривожланади, натижада бола хотирасининг ҳажми ва эслаб қолиш сифати ошади.
2 ёшдан кейин эса механик эслаб қолиш даври бошланади. Бола энди қийинроқ сўзларни эслаб қолишга тайёр. У эшитганларини тўтиқушдек такрорлай бошлайди. Шунинг учун унинг ёнида ишлатаётган сўзларингизга эътиборлироқ бўлинг.
"Нима? Қаерда? Қачон?"
Фарзандингиз билан ҳамма нарсани муҳокама қилинг: қаерда бўлдингиз, нималар қилдингиз, нима едингиз, кимни кўрдингиз, қандай ўйин ўйнадингиз. Бола нафақат маълумотларни қабул қилиш, балки уларни таҳлил қилишни ҳам ўрганиши лозим.
"Тўғри вариант"
Боланинг олдига бир нечта буюмларни (ўйинчоқ) қўйиб, ўгирилиб туришини сўранг. Шундан сўнг, буюмлардан бирини олиб қўйинг ёки жойини алмаштиринг. Бола нима камлигини ёки улар қандай тартиб бўйича турганлигини тушуниши лозим.
"Фойдали тафсилотлар"
Бу ёшда бола учун расм ёки эртак китоблар қизиқарли бўлади. Уларни ўқиш ва томоша қилиш давомида ундаги майда деталларга ҳам эътибор қаратинг. Масалан, эртак қаҳрамонининг исми нима эканлигини сўранг. Янги шеър ўқиб берганингиздан кейин ундаги янги сўзларнинг маъносини тушунтиринг.
"Сеҳрли халтача"
Халтачага турли хил шаклдаги буюмларни солинг. Кейин боладан унга қўлини солиб, бирор буюмни танлаб, унинг номини айтиб, кейин уни халтачадан чиқаришни сўранг.
3 ёшдан 6 ёшгача
Бу ёшда болалар маълумотларни аввалгидан фаолроқ қабул қила бошлайди. Айнан шу ёшлар оралиғида чет тилларни ўрганишни бошлаш мумкин. Ўрганиш жараёнини ноодатий ва қизиқарли қилишга ҳаракат қилинг.
"Харидлар"
Болангиз билан сотувчи-харидор ўйинини ўйнанг. Ундан дўкондан бир қатор маҳсулотларни харид қилишни сўранг. Бола дўконга келиб, сиздан (яъни сотувчидан) рўйхатдаги маҳсулотларнинг барчасини сўраши лозим.
"Ўзинг топ"
Боланинг кўзини боғлаб, унинг қўлига турли буюмларни навбат билан берасиз. Бола уларнинг нима эканлигини топиши керак. Бу ҳаракатларни бир хил тартибда бир неча марта такрорлайсиз, кейин боладан қандай буюмларни ушлаганлигини тартиб билан айтишни сўрайсиз.
"Қизиқарли расмлар"
Болага қизиқарли расмни қисқа вақтга кўрсатинг. Кейин расмни олиб қўйиб, боладан унда нималарни кўрганлигини сўрайсиз. У расмда кўрганларини иложи борича батафсилроқ ҳикоя қилиши лозим.
Кичик ёшдаги мактаб ўқувчилари 6+
Бу ёшда бола эслаб қолишнинг ўзи учун қулай усулини танлай олади.
"10 та фарқ топиш"
Болалар сканвордларида тез-тез чоп этилувчи бу каби машқлар бола хотираси ва диққатини чархлайди.
"Занжир"
Бу усулдан оромгоҳлардаги танишиш жараёнида фойдаланилади. Ҳар бир киши ўзининг исми ва ўзидан аввал таништирганларнинг исмини айтиши лозим. Уйда бу машқни камроқ одамлар билан бажариш мумкин.
"Минора"
Гугурт қутиларидан иккита минора ясанг. Уларнинг ҳар бири 4 та қутидан кам бўлмаслиги тавсия этилади. Қутилардан иккитасига кичкина буюмларни жойланг. Кейин боладан қайси буюм қайси қутида турганлигини сўранг. Бу машғулотни гугурт қутилари ва буюмлар сонини кўпайтириш орқали қийинлаштириш мумкин.
Бола учун ижобий ва қизиқарли маълумотларни ёдда сақлаш осон кечишини унутманг!
Мақолани тайёрлашда «Parents.ru» сайти маълумотларидан фойдаланилди.