Биласизми?

Билл Гейтс нега фарзандларига смартфонни тақиқлаганини айтди

Microsoft раҳбари, жаҳоннинг энг бой кишиси бўлган Билл Гейтс фарзандлари 14 ёшга кирмагунларига қадар уларга смартфондан фойдаланишларига рухсат бермаган. Унинг бу қоидасига бошқа таниқли IT-компания раҳбарлари ҳам амал қилишади ва фарзандларини электрон гаджетларнинг салбий таъсиридан ҳимоялашга уринишади.

Буюк Британиянинг таниқли Mirror нашри яқинда ўтган интервью жараёнида Билл Гейтсдан оилавий муҳитда электроника воситаларидан фойдаланиш қай тарзда амалга оширилиши тўғрисида сўради. Microsoft асосчиси бунга жавобан оиланинг 14 ёшга тўлмаган аъзосига гаджетлардан фойдаланиш тақиқланганини маълум қилди.

«Биз овқат маҳали мобил телефондан фойдаланмаймиз, — дейди Билл Гейтс. — 14 ёшга қадар барча фарзандларимиз смартфонсиз улғайишган. Улар барча дўстларида қўл телефони борлигин айтиб, кўп маротаба шикоят қилишар эди».

Билл Гейтснинг айни пайтда 3 нафар фарзанди бор: 20 ёшли Женнифер, 14 ёшли Фиби ҳамда 17 ёшли Рори. Уларнинг барчаси жаноб Гейтс томонидан ўрнатилган қоидага кўра тарбияланмоқда. «Ҳозир ҳам электроника воситаларидан фойдаланиш мумкин ҳамда чекланган вақт бор. Бу уларга ўз вақтида ухлаш ва соғлом бўлиб вояга етишларига ёрдам беради», — дейди Билл Гейтс.

Гейтснинг маълум қилишича, у фарзандларининг смартфондан имкон қадар фойдали мақсадларда, мисол учун уйга вазифаларни бажариш, қўшимча таълим олишлари учун фойдаланишларига шароит яратиб беради.

Гейтс оила аъзолари қайси смартфон моделидан фойдаланишларини маълум қилмаган. 2012 йилда унинг турмуш ўртоғи Мелинда Гейтс турмуш ўртоғи фарзандларига Apple маҳсулоталирдан фойдаланишни тақиқлаганини айтиб, «Бойлик оиламизга Microsoft’дан келади, шундай экан бу пулни нега рақибнинг чўнтагига солишимиз керак?» мазмунидаги муносабатни билдирган.

Билл Гейтс ҳам кейинчалик буни тан олган ва Windows Phone смартфонлари оила аъзолари учун кифоя қилишини айтган.

Маълумки, Apple асосчиси Стив Жобс ҳам ўз фарзандларини юқори технология қурилмаларидан, жумладан iPad’дан фойдаланишларини чеклаган. Биограф ёзувчи Уолтер Иссаксоннинг айтишича, Стив ҳар кечда болалари билан бир стол атрофида йиғилиб, китоблар ва тарих мавзуларида суҳбат қуришни одат қилган экан. Унинг оиласида кечки пайтда ҳеч кимга планшет ҳамда компьютердан фойдаланишга рухсат берилмаган.

3D Robotics компанияси раҳбари Крис Андерсон ҳам юқоридаги инсонлардан ўрнак олиб, болаларининг гаджетлардан фойдаланишларини қаттиқ назорат остига олган. Андерсоннинг фикрича, зарарли контент ва электрон воситалардаги кўнгилочар дастурларга тобелик фарзандлар тарбияси ва истиқболига жиддий зарар етказади.

Гейтса ҳамда Жобс — жаҳонни ахборот-коммуникация технологиялари, инновацион қурилмалар билан таъминлаётган компаниялар раҳбарларининг ҳаётий тамойилларидан ҳам кўриниб турибдики, навниҳол болаларнинг қўлига «ақлли» гаджетларни бериш қўйиш — уларнинг порлоқ келажакларига болта уришга тенг.