Она ва бола

Бола иштаҳасининг йўқолишига нималар сабаб бўлади?

Баъзи оналар фарзандининг еб тўймаслигидан шикоят қилади. Бошқалари эса аксинча уларнинг ҳеч нарса емаслигидан арз қилади. Бола улғайиши билан унинг иштаҳаси қандай ўзгариб боради? Нега кўпчилик болаларда иштаҳа билан боғлиқ муаммолар юзага келади? Иштаҳа билан боғлиқ муаммоларни қандай қилиб енгиш мумкин?

Бола овқат ейишни турли сабабларга кўра рад этиши мумкин. Бунда ота-онани ташвишга солувчи биринчи сабаб бирор касалликдир. Ҳақиқатан ҳам иштаҳанинг йўқлиги ёки унинг камайиши кўпинча овқат ҳазм қилишнинг бузилиши билан кечувчи турли касалликларнинг оқибати бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда ота-она фарзандини овқат ейишга мажбур қилмасдан, касалликка қарши курашишга ёрдам бериши керак. Иштаҳа - бу нафақат овқатланиш истаги, балки организмнинг овқатни ҳазм қилишга тайёр эканлиги белгисидир. Бола соғая бориши билан унинг иштаҳаси ҳам қайта тиклана боради.

Иштаҳа йўқолиши сабабларини қидириб кўрамиз

Иштаҳага таъсир қилувчи сабаблардан учта асосийсини ажратиб кўрсатиш мумкин.

  1. Биринчи навбатда боладаги моддалар алмашинувининг ўзига хослиги. Бунда боланинг қанча еганлиги эмас, балки еганининг қанчасини ўзлаштириши аҳамиятлидир.
  2. Гормонлар ишлаб чиқарилишининг жадаллиги

Масалан, бола ҳаётининг биринчи йилида ва ўсмирлик ёшида гормонлар кўп миқдорда ишлаб чиқарилади, бола фаол ўсади, шунга мос равишда унинг иштаҳаси ҳам ошади. Мавсумий қонуниятлар ҳам бор - қишда ўсиш секинлашади, ёзда фаоллашади, шунинг учун ёзда иштаҳа ҳам яхшироқ бўлади.

  1. Қувват сарфлаш даражаси

Овқатланишдан икки асосий мақсад кўзланади: биринчиси — организмнинг ўсиши ва ички органларнинг нормал фаолияти учун зарур моддалар билан таъминлаш, иккинчиси — ҳаракат фаоллиги билан боғлиқ қувват сарфланишининг ўрнини қоплаш. Шунинг учун бола қанча кўп қувват сарфласа, унинг иштаҳаси ҳам шунча яхшироқ бўлади.

Қандай йўл тутиш лозим?

Бола ривожланишининг ҳар бир босқичида унга озгина бўлса-да эркинлик бериш керак. Масалан, агар сиз кичкинтойингизга кечки овқатга нима харид қилишни танлаш ҳуқуқини берсангиз, у кечки овқатни катта хоҳиш билан тановвул қилиши мумкин. Бола ўзини шахс сифатида англай бошлаши билан овқатланишда ҳам ўз танловини жорий эта бошлайди. Бунинг муҳим эканлигига муносиб баҳо беринг ва уни ўзингиз фойдали деб ҳисоблаган таомларни ейишга кўп ҳам мажбурламанг.

Баъзан бола ҳеч нарса емай қўйиш орқали катталарга таъсир қилмоқчи бўлади. Катталар бу борада кўп ҳам ташвиш чекмаётганлиги ёки ҳатто оч қолиши мумкинлигини тушуниб етиши билан бола бу каби тажрибани тўхтатади.

Мақолани тайёрлашда "Deti.ru" сайти маълумотларидан фойдаланилди.