Тарбия

Бола овқат емаса, қандай йўл тутиш керак?

Кўплаб оналар фарзанди овқат емаслиги, иштаҳаси йўқлигидан нолиб қолади. Бироқ таниқли психолог Найжелл Латта фикрича, болаларни озиқлантириш билан боғлиқ ҳар қандай муаммони ҳал этишда қуйидаги олтин қоидаларга риоя қилиш кифоя:

  1. Оч болалар овқат ейди

Ҳадеб тумшуғига овқат тиқиштириладиган эркатой болалар ҳеч нарса емайди, бироқ оч болалар ейди. Организм “ёқилғи” захираларини еб тугатгач, ошқозон мияга сигналлар юбора бошлайди. Тантиқ болани овқат ейишга мажбур қилишнинг ягона йўли — уни оч қолдириш. Бунинг учун бироз кутиш зарур.

  1. Йигирма марта юз ўгириб, бир марта ейди

Фарзандингизга бир қошиқ бўтқа тутаётганингизда, у уни ейишдан аввал йигирма марта юз ўгиришига тайёр туринг. Кўплаб тадқиқотлар ва кузатувлар ёш болалар ўзини айнан шундай тутишини исботлади. Болани янги турдаги маҳсулотга қизиқтириш учун, унга буни 17—20 марта таклиф қилиб кўриш керак.

Бунинг учун ота-она, албатта, сабрли ва  хотиржам бўлган ҳолда, ўз сўзида қатъий тура олиши ҳам керак. Бироқ, шу билан бирга, мажбурлаш ҳам керак эмас.

  1. Болаларни ўз ошқозонига қулоқ тутишга ўргатинг

Ортиқча вазнли кишилар қачон ейишдан тўхташи ҳақида берилган саволга кўпинча: “Ликопда ҳеч нарса қолмагунича”, — дея жавоб беради. Озғин кишилар эса худди шу саволга: “Қачонки ўзимни тўқ ҳис қилсам”, — дея жавоб қилиши тайин.

Болаларни қандай овқатланишга ўргатиш ҳам ўта муҳим, бунда гап қошиқ ёки вилкани қандай ушлаш эмас, тўғри овқатланиш — сифатли озуқани зарур миқдорда истеъмол қилиш ҳақида бормоқда.

Болаларга: “Ликопда қолган нарсани еб қўйиш шарт эмас. Қорнинг ъбўлди, етади’ демагунича, есанг бўлади”, — дейиш керак.