Фарзандларимиз пулга қандай муносабатда бўлиши керак? Бу борада бизнинг хоҳишимиз қанақа? Булар аҳамиятсиз савол эмас, уларга яна бир қанча қўшимчалар қилиш мумкин: бола неча ёшдан пулни сарфлашга ўрганиши керак? Фарзандлар оиладаги молиявий муаммоларни билиши керакми? Агар боланинг хоҳлаган нарсаси олиб берилаверса, унда у қачон пулнинг қадр-қийматини билади? Ҳаммамиз фарзандларимиз пул билан тўғри муносабатда бўлишини, унинг қадрини билиши, лекин муккасидан кетмаслигини, пулни ишлатишини, бироқ беҳудага сарфламаслигини, тежамкорлик қилишини, аммо хасис бўлмаслигини хоҳлаймиз. Бунга қачон ва қандай ўргатиш керак?
Бир қарашда умуман зид тушунчалардек кўринса-да, бу мавзуда албатта фарзандимиз билан суҳбалашишимиз керак. Болани пулдан ҳимояламасдан, уни тўғри сарфлашни ўргатиб бориш керак. Бу билан фарзандимизда мустақиллик, жавобгарлик ҳисларини уйғотамиз. Шунингдек, унда танлов имконияти ҳам пайдо бўлади.
Мактаб ёшигача бўлган болаларга пул бериш керакми?
Руҳшунослар ва болалар билан ишлашда кўп йиллик тажрибага эга педагогларнинг бу борада жавоблари қатъий: ЙЎҚ! Бу жавобни эса улар шундай изоҳлашади: мактабгача ёшда бўлган болалар доим ота-оналари билан юришади. Барча сарф-харажатларини улар учун катталар амалга оширади, болалар боғчасида эса уларга «ўзларининг пуллари» керак бўлмайди. Бу ёшда пулга бўлган талаб жамоада ўз ўрнини эгаллашни исташида намоён бўлади. Лекин бундай ўзлигини кўрсатиш бола феълининг ривожланишига салбий таъсир қилади. Ахир бола ўз билим ва салоҳияти билан эмас, ўйинчоқлар ва пул ҳисобига ажралиб туришни истамоқда.
Кичкинтойни болаларга хос бўлмаган имтиёзлар билан таъминлаш уларни руҳий ривожланишига акс таъсир кўрсатади. Бунда улар меҳнат ва машаққатларсиз ҳамма нарсанинг тайёрига эга бўлишга ўрганиб қолишади. Натижада меҳнат қилишни билмаслик ва хоҳламаслик — инфантилизм вужудга келади.
Болага 7-8 ёшидан бошлаб танга кўринишидаги майда пулларни бериб бориш мумкин
Бир қарашда ўйинчоқдек, бундан ташқари, дўкондан бирон нима сотиб олиши ҳам мумкин. Шу билан бирга, унга бу тангаларни йиғишга мўлжалланган идиш ҳам совға қилинг. Бу идишга пул солиб, ўзи ёки яқинларига совға учун ҳам йиғиши мумкинлигини тушунтиринг. У йиққан пулларидан ўзи эркин фойдаланиши мумкинлигини, лекин ота-она таъқиқлаган нарсаларни сотиб олмаслигини билсин.
Агар оилада хайр-эҳсон қилиш каби одатлар бўлса, бунга фарзандингизни ҳам жалб этинг. Бу ишларни нима учун қилаётганингизни гапириб беринг, боланинг онгида рўзғордан пул ортганида бошқаларга ҳам ёрдам бериш мумкинлиги ҳақида фикр пайдо бўлади. Лекин «бой одамлар», «пулдорлар» ҳақида асло гапирманг. Бунинг оқибатида болада ҳасадгўйлик каби туйғулар пайдо бўлиши мумкин.
9-10 ёшдан бошлаб боладан оиладаги молиявий муаммоларни бекитмаслик мумкин
Суҳбат давомида фарзандингизни оилангиздаги тежамкорлик қоидалари билан аста-секин таништириб боринг. Ва бундай қоидаларга ҳамма яхши одамлар амал қилишини алоҳида таъкидлаб ўтинг. Энг асосийси — оиладаги пулларнинг барчаси ота-онанинг машаққатли меҳнатлари эвазига келганини тушунтириш.
Яхши хулқ ва баҳолар учун пул билан рағбатлантириш керакми?
Албатта ЙЎҚ! Болада аъло баҳо, аниқроғи, билим у учун эмас, балки фақат ота-онага керак, деган фикр пайдо бўлиши мумкин. Пул беришаяптими, демак, уларга бу нима учундир керак-да! Бола ўқишга эмас, баҳо олишга қизиқиб қолади. Кўпроқ пул олиш ва ота-онасини хафа қилмаслик учун айёрлик қилишни бошлайди ва ёмон баҳоларини бекитади. Уй ишларига қарашгани учун пул берилишини ҳам тавсия этмаган бўлардик. Оилада меҳр, бир-бирини тушуниш ва қўллаб-қувватлаш биринчи ўринда туради. Пул эвазига ишларни бажарган бола ёлланган ишчи бўлиб қолади. Бу эса оила принципларига тўғри келмайди. Шунингдек, бола ҳамма ишни пул эвазига бажаришга ўрганиб қолади. Иш буюрганингизда, «Хўп бўлади, ойижон!» демай, «Қанча берасиз?» деб туришини хоҳламасангиз керак?!
Ўспирин ёшдаги бола ва пул
Бу мавзу анча нозик ва мураккаб. Пул ва бу ёшдаги болани назоратсиз қолдириб бўлмайди. Ўсмирлар эркин бўлишга интилади, ҳозирги замонда эса уларни йўлдан оздирадиган нарсалар талайгина. Бу борада ўсмирларга аниқ йўналтирилган молиявий ёрдам бериш мумкин. Масалан, керакли ўқув қўлланмалар, кийим-кечак ёки ота-она тасдиғидан ўтган қизиқишлар учун. Бу ёшдаги болаларни рўзғор учун бозорга тушганингизда бирга олиб боришингиз, бозор ва пул муносабатларини ўргатишингиз мумкин. Албатта бозорга борганда унинг фикрига ҳам таянинг, «Олманинг 1000 сўмлисини оламизми ёки 1500 сўмлисиними?» каби саволлар билан унинг жараёнда иштирок этишига ёрдам беринг.
«Таътил вақтида ишлайман» деб таклиф билдирган фарзандингизга қаршилик қилманг. Ўз меҳнати билан топилган биринчи пуллар ўсмирлар ҳаётидаги катта воқеа ҳисобланади. Ўз имкониятини реал баҳолай олади ва пул қандай ишлаб топилишини тушуниб етади. Энди фарзандингиздан «Бор-йўғи юз минг экан-да» деган гапни эшитмайсиз. Атрофидаги инсонларнинг ва нарсаларнинг қадрига ета бошлайди. Ишлаб топган пулининг маълум қисмини оиласига ажратиши эса ўсмирда жавобгарлик ҳиссини ривожлантиради.
Муҳтабар опа, 50 ёш: — Болага ҳар доим ҳам оиладаги молиявий муаммоларни айтиш шарт эмас. Асосийси, уйдаги пулни ота-онаси меҳнат қилиб, қийинчилик эвазига олиб келаётганини билсин. Лекин боланинг олдида «Ойлигим кам чиқибди», «Пулимиз йўқ» деб айтишни тўғри деб ҳисобламайман. Бу гапларни эшитган бола ўзини камситилгандек ҳисоблайди, атрофдаги одамлар билан оиласини солиштиради. Ўзидан яхшироқ яшаётган оилаларга нисбатан ҳасад ҳисси уйғонади. Ота-она оз миқдордаги пулни фарзандлари биладиган жойга қўйиб, бу пул зарур бўлган вазиятларда (масалан, ота-она ишдалигида нон олиб келиш, дўстларининг туғилган кунига бориш ва шунга ўхшаш ҳолатларда) ишлатилишини тушунтириши керак. Ота-онанинг ишончи фарзандда уйдаги пулга нисбатан масъулиятни пайдо қилади.
Маҳфуза, 32 ёш, уй бекаси: 4 фарзандим ҳам мактабда ўқийди. Улар камдан-кам ҳолларда (масалан, ўртоқларининг туғилган куни ёки мактаб фонди учун) пул сўрашади. Болаларнинг мактаби уйимиздан чамаси 100 метр узоқда бўлгани учун уларга ортиқча пул бермаймиз. Тушликда ейишлари учун эса бутерброд қилиб бераман. Болаларга 10 ёшидан кейин пул бериш тўғри деб ҳисоблайман.
Азиза, 12 ёш, 7-синф ўқувчиси: — Оиламизда рўзғор учун бозор-ўчарни дадам қилади. Катта фарзанд бўлганим учунми, кўпинча дадам мени ва 10 ёшли укамни ўзи билан бозорга олиб боради. Бу жараён бизга жуда ёқади. Сотувчилар билан савдолашиши биз учун қизиқарли. Мактабда ишлатишим учун ота-онам менга ва укамга ҳар куни 1000 сўм беришади. Бу пулни тушликка ишлатамиз.
Акбар, 18 ёш, талаба: — Ота-онам уйда пулни қаерда сақлашлари, қанча ойлик олишларини билмайман. Бунга қизиқмаганман ҳам. Йўлкирам ва овқатланишим учун ҳар куни пул беришади. Ёнимда қанча кўп пулим бўлса, нимагадир сарф-ҳаражатим ҳам ўша куни кўпайиб кетади. Пулим камлигида эса уни тежаб, ҳатто уйга орттириб келаман. Ота-онамдан олган пулларимни тежашга ҳаракат қиламан. «Берган пулимизни нимага ишлатдинг?» деб сўрашганида ҳар доим тўлиқ жавоб бера оламан.
Болалар руҳшуноси Анжим ШАМШЕТОВА тавсиялари асосида Дилноза МИРТОЛИПОВАтайёрлади.
Манба: Darakchi.uz