Тарбия

Болада китобга меҳр уйғотамиз

Ўқиш орқали ривожланиш ва янги нарсаларни ўрганиш мумкин. Нафақат дарсликлар, балки эртаклар ва ҳикоялар ҳам болага билимларнинг улкан дунёсини очиб беради.

Болани китоб ўқишга қандай ўргатиш мумкин? Болани бунга қанчалик эрта ундасангиз, унинг ҳисобидаги ўқилган китоблар шунчалик кўп бўлади. Бу одатни болада шакллантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш керак.

Китоб билан боғлиқ илк тажрибалар

Бошлаш учун ҳеч қачон эрта бўлмайди: сизга бола китоб ўқиш учун ҳали жуда ёш бўлиб туюлса-да, унга китобни “татиб кўриш” учун беринг. Китоб билан биринчи танишув бола ҳали ўқишни билмаган вақтда ҳам бўлиб ўтиши мумкин. Бунинг ўрнига у китобга чизиши, улардан уйчалар ясаши, китобни ғажиши мумкин. Болага ҳарфли кубиклар, ўргатувчи наклейкалар, уни мутолаа дунёсига тезроқ олиб киришга ёрдам берадиган ҳар қандай буюмларни олиб беринг.

Уйқудан олдин китоб ўқиш анъанаси

Ухлашдан олдин она бағрида ўтириб ёқимли эртак ўқиш ёки эшитиш ҳар қандай мультфильмдан яхшироқ. Бундай анъана болада китобга нисбатан катта муҳаббатни уйғотиши мумкин.

Энг қизиган жойида!

Болалар жуда қизиқувчан бўлади. Уларда ўқиш истагини ҳосил қилишда ушбу хусусиятдан фойдаланиш мумкин. Болага китоб ўқиб бераётиб, воқеалар энг қизғин тус олган жойида ҳикояни тўхтатиш мумкин. Шунда сабрсиз бола кейинги кунни кутиб ўтирмай, уни ўзи ўқиб олишга ҳаракат қилади.

Аудиокитоблардан фойдаланинг

Маҳоратли актёрлар овоз берган аудиоэртаклар болага кучли ҳиссиётларни бериши мумкин. У ўзини театрда пайдо бўлиб қолгандек тасаввур қилади, шунингдек, у тўғри нутқни ўзлаштиради ва оҳангни ҳис қилишни ўрганади.

Болага танлаш имкониятини беринг

Баъзан болалар уйдаги китоблар уларга қизиқ бўлмагани туфайли мутолаа қилишни истамаслиги мумкин. Шунинг учун уларни китоб дўконига олиб боринг ва китоб танлашни ўзларига қўйиб беринг. Китоб дўконига ташрифларни ҳам анъанага айлантириш мумкин.

Ўзингиз ҳам болалигингизни ёдга олиб кўринг ва китобларга бўлган муҳаббат сизда қандай уйғонганини эсланг. Шунда сизда яна кўплаб ғоялар пайдо бўлса, ажаб эмас.