Кичик ёшдаги болаларнинг дори воситаларига реакция қилиши кўп учрайдиган ҳолат. Ҳатто BAD воситалари, баъзи ўт дамламалар ва баъзи витаминлар ҳам бола организмига зиён келтириши мумкин. Қуйида келтирилган 9 дори воситасини 2 ёшгача бўлган болаларга бериш мумкин эмас.
АСПИРИН
Ҳеч қачон аспирин ёки таркибида аспирин моддаси бор дорини 19 ёшгача бўлган болага берманг! Кичик ёшдаги болага Аспирин жуда хавфли Ree синдромини келтириши мумкин. Бу жуда кам тарқалган ҳолат бўлишига қарамай, эҳтиёт бўлиш талаб этилади. Дорихонада сотиладиган болалар дорилари таркибида ҳам аспирин (ацетилсалетиловая кислота) йўқлигига амин бўлиш керак.
Ҳатто ибупрофен ва ацетоменофен каби истма тушурувчи воситаларни ҳам астма, буйрак ва жигар касалликлари мавжуд болаларга бериш эҳтиёткорликни талаб қилади.
BAD ва ўт сироплари
Дорихоналарда кўпайиб кетган BAD ва ўт сиропларининг ҳам болага фойдаси аниқланмаган. Лекин бола ошқозонига зиён келтириши эҳтимоли бор. Ундан ташқари BAD'нинг мазаси болага ёқиши кўпинча ичилиши керак бўлган дозадан ошириб кетилишига олиб келади. Бунда қаттиқ заҳарланиш юз бериши мумкин.
Кўнгил айнаш ва қусишга қарши воситалар
Боланинг кўнгли айнаб қусаётган бўлса, асло қусишга қарши воситаларни ичирмаслик керак. Оддий ошқозон фаолияти бироз бузилиши туфайли кўнгли айнаб қусаётган бўлса, организм кучи билан бола тез ўзига келади. Агар қусиш ёки кўнгли айнашининг сабаби жиддий бўлса, у ҳолда қусишга қарши дори воситалари вазиятни жиддийлаштириб юборади. Бола кўп қусиб сувсизланаётган бўлса, дарҳол шифохонага бориш зарур.
Ёшига яраша дори
Болага берилаётган дори воситаси айнан унинг ёшига мўлжалланган ҳолда ва дозада бўлиши шарт. Чақалоқларнинг дорисини 2 ёшлик болага кўпроқ қилиб бериш ёки катталарнинг дорисини 2 ёшлик болага камайтириб бериш ўта хавфли. Ҳар бир ёш учун мўлжалланган дори восита ўзига хос хусусиятга эга бўлади. Бу хусусиятлар айнан белгиланган организм учун мўлжалланган бўлади. Агар дорининг йўриқномасида боланинг ёши ва оғирлигига нисбатан доза кўрсатилмаган бўлса, уни болага бериш мумкин эмас.
Касаллигига яраша дори
Боланинг айнан ўзига тавсия қилинган дорини ичириш керак. Мисол учун, бошқа оила аъзоси йўталдан бир дори ичиб тузалган бўлса, болага ҳам шу дори йўталига ёрдам беради деб бериш ўта хавфли. Ҳар бир инсон организми ҳар хил, шунинг учун ҳеч қачон бировга ёзилган дорини бошқасига бериш мумкин эмас.
Муддати ўтган дорилар
Мунтазам равишда уйдаги дори воситаларини ишлатиш муддати ўтмаганлигини кўздан кечириб туриш лозим. Бола бетоб бўлганида шошилинчда муддати ўтган дорини ичириб юбориш ҳеч гап эмас. Муддати ўтган воситалар фойдаси йўқлигидан ташқари организмга ўта хавфли бўлиши мумкин. Дорининг кўринишида жисмоний ўзгаришлар (ранги, шакли ва ҳолати ўзгариши) пайдо бўлганда ҳам уларни ташлаб юбориш талаб этилади, чунки жисмоний ўзгариш дори таркибида рўй берган кимёвий ўзгаришдан далолат беради.
Қўшимча ацетоменофен
Ацетоменофен ва ибупрофен истма тушурувчи сироп ва таблеткалар таркибидаги энг асосий моддадир. У боланинг тана ҳарорати ошганда кўп қўлланилади. Лекин ушбу дориларни белгиланган дозадан ошириб бериш мумкин эмас. Баъзи дорилар таркибида оз миқдорда ацетоменофен ва ибупрофен бўлади. Бетоб болага тана ҳароратини тушурувчи дориларни беришдан олдин улар бола ичаётган бошқа дорилар таркибида ҳам йўқлигида амин бўлиш керак.
Шифокор айтмаган барча дорилар
Ривожланган мамлакатларда кўплаб дори воситаларни шифокор рецептисиз сотиб олиш имконияти йўқ. Ўзбекистонда ҳозирча дорихоналарда деярли барча дориларни осон сотиб олиш мумкин. Қўшни, қариндош ёки дугона тавсиясига биноан дори сотиб олишга шошилманг. Боланинг саломатлиги билан ўйнашиш мумкин эмас. Ҳар доим шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда болага дори ичиринг. Шу қаторда витамин ва бошқа воситаларни ҳам.
Витаминлар
Боланинг иммунитетини ошириш мақсадида ота-она турли хил витаминларни фарзандига беришни истайди. Шуни билингки, витамин ҳам кимёвий модда, бола организмига қанча кўп кимёвий модда кирса, шунча кўп жигари қийналади. Ундан ташқари тадқиқотларнинг кўрсатишича, витаминлар, айниқса мултивитаминларнинг организмга сингиши жуда қийин, улар асосан сингимай чиқиб кетади. Агар шифокор тавсия қилмаган бўлса, ундан кўра витаминни болага мева ва сабзавотлар ҳолида бериш мақсадга мувофиқ бўлади.