Бошланғич синфлардан бошлаб ота-она уйга вазифаларни фарзанди билан бирга тайёрлайди. Шунинг учун болани мустақил дарс тайёрлашга ўргатиш муҳим саналади. Бола уйга берилган вазифалари билан ўзи шуғулланиши учун уни бунга бошдан ўргатиш зарур.
Бунинг учун қандай йўл тутиш керак?
- Бола уйга вазифаларни бажариш учун масъулиятни ҳис этиши лозим. Унга барча янги билим ва кўникмалар биринчи навбатда ўзи учун кераклигини тушунтириш лозим. Ўқиш жараёнини катталарнинг иши билан таққослаш мумкин.
- Уйга берилган топшириқларни бажариш учун болага муайян вақтни белгилаш зарур. Дастлаб бу қийинчилик туғдириши мумкин, бироқ бир неча ойдан сўнг, бола бунга кўникади ва дарс тайёрлашни кейинроққа қолдирмасдан, вақтида бажариш лозимлигини тушуниб етади.
- Ўқувчи учун дарс тайёрлайдиган жойни жиҳозлаб бериш муҳим саналади. Фарзандингиз назоратингиз остида бўлишини таъминлаш мақсадида унга ошхонада дарс қилдириш керак эмас. Бу уни жуда чалғитади.
Бола учун алоҳида стол ажратиб, уни керакли жиҳозлар билан таъминлаш зарур. Шу чоранинг ўзиёқ болани тартибга солиб, уй вазифаларини тайёрлашга масъулият билан ёндашишига олиб келади.
- Топшириқни қандай бажариш тўғри эканлигини фарзандингизга тушунтиришга шошилманг. Бунақада болангиз мустақиллик кўникмасини эгаллай олмайди. У фақат сизнинг тавсияларингизни бажариб, топшириқнинг асл моҳиятини англаб олишга ҳаракат қилмайди. Бу эса кейинчалик боланинг ўзлаштиришига таъсир қилади.
Бола ўз кучи билан топшириқни бажара олмаганда ва унинг ақлий мушоҳадалари натижа бермаган ҳоллардагина сизнинг маслаҳатларингиз ёрдамга келиши мумкин.
- Уйга вазифаларни мустақил бажаришга ўргатинг. Бунинг учун у қораламалардан фойдаланиши мумкин. Кейин сиз уларни текшириб чиқишингиз, хатоларини таҳлил қилиб, сўнгра уни оққа кўчиришга рухсат беришингиз мумкин.
Фарзандингизнинг олаётган баҳолари учун қаттиқ койиманг. Ахир бу унинг мустақил ҳаракатлари натижаси. Лекин у аъло баҳо олган бўлса, уни албатта мақтаб қўйинг. Бу фарзандингизни бундан кейинги интилишлари учун рағбатлантиради.
- Болага ишонч билдиришга ҳаракат қилинг. Унинг ҳар бир ҳаракати устидан назорат ўрнатишга интилманг. Фарзандингизни бундай текширишлар кутилмаганда амалга оширилиши ва у доим бунга тайёр бўлиши лозимлигига ўргатинг.
Бир нечта тавсиялар
- Бажарилган топшириқларни фарзандингизнинг ўзи мустақил текшириб кўрсин. Унинг ўзи хатоларини топиб, уларни тўғрилаши лозим. Агар у хатоларини топа олмаса, унга ёрдам беринг.
- Бола уйга вазифаларини бажара туриб, уларнинг қанчасини бажарганлигини назорат қилиб бориши керак. Бунинг учун уйга вазифалар рўйхатида бажарилганларини махсус белгичалар билан белгилаб бориш мумкин. Топшириқларнинг қанча қисми бажарилганлиги ва яна қанча қолганлигини боланинг ўзи англаб етсин.
Кўриб турганингиздек, бу унчалик қийин иш эмас. Асосийси фарзандингизга кўпроқ мустақил шуғулланиш имконини беринг ва унга ишонинг!
Мақолани тайёрлашда "Развитие детей" сайти маълумотларидан фойдаланилди.