Бу масалада жуда кўп ота-оналарнинг, шу билан бирга психологларнинг фикрлари турлича. Кимдир болани ёшлигидан пул билан муносабатда бўлишга ўргатиш керак, чунки ҳозирги замон талаби шу, деса, баъзи ота-оналар бу фикрга умуман қарши чиқишади. Улар болани ёшлигидан пулга ўргатмаслик, чунки бунинг оқибатида бола ҳамма нарсани пул билан ўлчайдиган бўлиб қолади деган фикрни илгари сурадилар. Шу ўринда оила муҳитига ниҳоятда катта таъсир қилувчи, умуман илмий адабиётларда ҳам турли мунозараларга сабаб бўлган ва бўладиган масалалардан бири – «болага қачондан бошлаб унинг шахсий харажатларига пул бериш мумкин», деган масалага тўхталсак..
Руҳий муҳити соғлом оилаларда бу масала алоҳида муаммо бўлиб ўртада турмайди. Чунки мол-мулк, пул-харажат оилада аёл ва эркакнинг умумий розилиги, яъни, бизнинг Шарқ оилаларида оталар, яъни эркакларнинг изн ва ихтиёрларида бўлади. Бу деган сўз аёллар пул-харажат масалаларидан бутунлай четлатилган, деган гап эмас.
Одатда, нақд пул оилада онанинг қўлида бўлиб, эркаклар хоҳлаганича олиб харажат қилишади. Шу билан бирга катта харажатлар албатта, бамаслаҳат қилинади, майдалари эса эркакларнинг бурчи саналади. Чунки бозордан юк кўтариб юришлар аёлларга оғир.
Биз бу мулоҳазаларни атайлаб ҳозир қисқа ва зарурат учун келтирдик, холос. Чунки ҳозирги мавзуимиз болага қачон ва қанча пул беришда.
Болангиз пулга қизғанчиқ бўлиб ўсмасин десангиз ундан пулни яширманг. Шу билан бирга у ёшлигидан сизнинг савдо қилган пайтларингизни кўрсин. Демак, у билан бозор, магазинларга бирга чиқишни унутманг. 6-7 ёшидан бошлаб болани мустақил нон олиб келишга ё бўлмаса кичик нарсаларни харид қилишга юборишингиз мумкин. Бунда албатта дўкондаги сотувчи билан қандай муомала қилишни ё бўлмаса бозорчадан олаётган нарсасини нархини сотувчи билан қандай келишишини ўргатинг. Харид қилаётган нарсанинг сифатига эътибор бериш лозимлигини айтишни ҳам унутманг. Албатта, бола бозор ёки магазинда бирон нарсани кўриб, олиб беринг, деб хархаша қилиши мумкин. Шундай пайтда пулингиз ҳозирча етмаслигини айтинг. У албатта, пайти келиб катталар пулни қаердан олишини сўрайди. Сиз ўшанда ишлаб топишингизни айтасиз. Пул топишнинг ўзига хос томонларини, у учун катта меҳнат қилиш зарурлигини, шу билан бирга меҳнат қилиш учун билим ва ҳунар лозимлигини болага ёшлигидан уқтирганингиз маъқул. Тушунтириш вақтида ота-оналарнинг фарзандини кам-кўстсиз ўсиши учун меҳнат қилишларини ҳам қистириб ўтинг. Аммо зинҳор гапираётган вақтингизда сизнинг миннат қилаётганингиз ё бўлмаса тез-тез “Сенларни боқамиз деб шундай азоб билан меҳнат қилаяпмиз”, деган гапларни такрорлашингиз керак эмас. Бунинг тарбиявий аҳамияти ниҳоятда катта бўлади.
Оилада болага пул муомаласини ўргатишда эҳтиёт бўладиган томон шундаки, пулни болага зарурият туғилганда бир киши бергани маъқул. Агарда бола бирон маротаба, айтайлик музқаймоқ олишга пулни онасидан бир ва дадасидан бир ундирса, шу заҳотиёқ бундай имкониятни у абадий ёдига сингдиради. Ва ҳар бир иложи топилган пайти ҳар иккаласидан пул ундиришга ҳаракат қилади.
Бу ўринда, баъзи ҳолларда учраб турадиган, болага дадасидан яшириб пул берувчи оналар ўз болаларига яхшилик қилаяпти, деб айта олмаймиз. Умуман ҳар қандай яширинча қилинган ишнинг болага салбий таъсир қилишини унутмаслик керак.
Энди болага қанча пул бериш керак деган саволга қайтсак. Шаҳар мактабларида ўқийдиган болаларга доим эрталаб кундалик харажатлар учун пул берилади. Масалан йўл кира, тушлик учун. Болани ёшига қараб пулни ҳисоб-китоб қилиб, ҳар куни бир хил миқдорда беринг. Масалан йўл кира учун 1400 сўм. Тушликни нархини мактаб ошхонасидан аниқланг ва боланинг ёшига нисбат қилиб беринг. Боланинг қўлида ортиқча пул йиғилиши қатор муаммоларни келтириб чиқаради. Аввало тенгдошлари орасидаги муносабат ўзгаради. Ортиқча пулни сарфлаш учун сўроқсиз дўкон ва бозорга бориш, керак-кераксиз нарсаларни сотиб олиш, умуман олганда ота-онаниниг меҳнат қилиб топган пулини қадрига етмаслик келиб чиқади. Бу эса бора-бора ота-онам менга доим катта пул беришга мажбур деган фикрни келтириб чиқаради. Қишлоқ мактабларида йўл кира муаммоси йўқ. Шу билан бирга тушликни ҳам уйдан олиб кетишлари мумкин. Аммо бу болага пул бермаслик керак дегани эмас. Агар болага пул берилмаса, бозор, савдо –сотиқ ишлари тўғрисидаги маълумотлар билан таништирилиб, тажриба орттирилмаса, келгусида болани бу нарсалар мутлоқо қизиқтирмай қолади. Натижада катта бўлганда ҳам пул топиш ва оилага керакли нарсаларни харид қилишда анчагина муаммолар юзага келиши мумкин.
Шу ўринда ота-оналарга баъзи бир нарсаларга эътибор беришларини айтмоқчи эдик. Кўп оилаларда маблағни ота топиб келсада , бозор –ўчар, харажат қилиш аёлларнинг бўйнига қолиб кетади. Натижада аёларимиз оғир сумкалар билан дўконма-дўкон юришга мажбур бўлишади. Шу сабабли ўғил болаларга ҳам вақтида бозор қилишни, оилага керакли бўлган нарсаларни мустақил харид қилишларини ўргатиб бориш зарур.
Дилбар Ҳамдамова, амалиётчи психолог