Фарзандларимиз киядиган ич кийимларни танлашда биринчи навбатда уларнинг соғлиғини эътиборга олиш керак. Ич кийим боланинг нозик териси билан бевосита алоқада бўлади, шу туфайли, у максимал даражада қулай бўлиши, ёқимсиз ҳиссиётларни келтириб чиқармаслиги, шунингдек, болаларнинг жинсий аъзоларини ташқи муҳит билан алоқадан ҳимоя қилиши керак.
Болалар ич кийимларига асосий талаблар
Кичкинтойлар ич кийимлари намликни сингдириб олиш ва ҳаво ўтказиш, шу тариқа эса боладаги тер ажралишини назорат қилиш хусусиятига эга бўлиши керак. Бундан ташқари, улар аллергияни келтириб чиқармаслиги ва ихчам бўлиши ҳам муҳимликда қолишмайди.
Санаб ўтилган хусусиятларга фақат битта мато — табиий трикотаж жавоб бера олади, бунинг устига у жуда мулойим ва терига хуш ёқади. Ҳаво ўтказмайдиган ва иссиқликни сақлай олмайдиган синтетик матолардан фарқли ўлароқ, трикотаж гигиена талабларига жавоб беради. У осон тозаланади, ғижим бўлмайди ва тез-тез ювганда ҳам чиройли кўринишини сақлаб қолади.
Замонавий трикотаж матоси кўплаб турларга бўлинади. Болалар ич кийимларини ишлаб чиқаришда асосан интерлок (100 фоиз пахтадан иборат икки томонлама трикотаж) ва кулир (ички томони “ғиштдан терилган”дек зич нақшли, юза қисми эса вертикал “ўримлар”дан иборат силлиқ мато)дан фойдаланилади.
Ич кийим танлашда нималарга эътибор бериш керак?
Фарзандингизга ич кийим сотиб олишда унинг юқори сифатга эга эканлигига эътибор беринг: чизиқларнинг барчаси тўғри ва тартибли бўлсин, чоклар эса яхшилаб тикилган бўлсин. Трусик болага лоппа-лойиқ бўлсин: тор ва тиғиз бўлмасин, боғи (резинкаси) юмшоқ бўлсин. Боланинг ўз ўлчамидан кичик бўлган ич кийим турли ёқимсиз оқибатларга олиб келиши мумкин, чунончи, болада қон айланиши бузилиши ва терисида ишқаланиш натижасида яра пайдо бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Бир ёшгача болалар учун ҳеч қандай безаклари бўлмаган ич кийимлар олган маъқул. Унга тикилган лентачалар, бантикчалар қанчалик бежирим бўлмасин, эртами-кечми, улар боланинг “ўлжа”сига айланади, у эса безак элементининг мазасини татиб кўриш имкониятини қўлдан бой бермайди. Воқеанинг давомини ўзингиз тасаввур қилишингиз мумкин.
Шуни эсдан чиқармангки, фарзандингизга янги ич кийим кийдиришдан аввал, уни албатта махсус болалар совуни ёки кукуни билан ювиб олиш керак. Қўшимча “дезинфекция” мақсадида эса ич кийим қуригач, унга иссиқ дазмол босиш зарур.