Бугунги кунда ўсмирларнинг ярмига яқини узоқни кўра олмасликдан азият чекади, миопия ташхиси эса олти ёшдан бошлаб қўйилмоқда. Кўз шифокорлари бу ҳолатни инсон кўзлари чекланган доирадаги фаолиятга, яъни телевизор ва гаджетларни томоша қилиш учун мўлжалланмаганлиги билан изоҳлайди. Кўзларимиз узоқни кўришга мослашган ва яқин масофадан ишлаш болалар кўзи учун айниқса зарардир.
Миопиянинг олдини олиш усуллари:
- компьютерда ишлаш ва телевизор томоша қилиш вақтини чеклаш;
- ташқи ёритишсиз электрон қурилмалардан ўқиш мумкин эмас;
- боланинг жуда кўп ўқиши ҳам кўзлари учун зарар, шунинг учун ўқишни кўчадаги фаол ўйинлар билан уйғунлаштириш керак;
- бола узоқларга қараши учун кўпроқ вақтини очиқ жойларда ўтказиши лозим;
- унинг дарс столи дераза олдида жойлашганлигига эътибор қаратинг.
Болалар кўзи учун кўз мушакларини мустаҳкамловчи қуйидаги машқлар фойдали ҳисобланади:
- "Капалак"
Болага унинг қовоқ ва киприклари чиройли капалакнинг қанотлари эканлигини тасаввур қилишига ёрдам беринг. Кўзларни пирпиратиш керак бўлади, бунда барча ҳаракатлар енгил ва етарлича тез бўлиши керак.
- "Қувноқ соатлар"
Бу машқда эса кўзларни дам чапга, дам ўнгга қараётган соат стрелкалари деб тасаввур қиламиз. Бу машқни камида 20 марта такрорлаш зарур ва уни бажариш жараёнида бошни тўғри тутиш керак.
- Кейинги машқда кўзларни беш сонияга яқин маҳкам қисиш, кейин эса тўлиқ бўшаштириш зарур.
- "Темирйўл светофори"
Бола ўзини светофор деб тасаввур қилиши лозим. У гоҳ ўнг, гоҳ чап кўзини ёпиши керак бўлади.
- Имкон борича узоқ вақт кўзларни пирпиратмасдан туриш керак. Кун сайин бу машқнинг вақтини ошириб бориш зарур. Бола кўзини пирпиратиши билан у кўзларини юмиб олиб, ўзини ухлаётгандек тасаввур қилиши лозим. Диққатни бир жойга тўплаб, кейин бўшаштириш мушаклар учун ижобий натижа беради.
- "Яқин-узоқ"
Ойнага кичикроқ айланани мустаҳкамлаб қўйиш керак. Бола ундан нигоҳини узоқроқда жойлашган объектга кўчириши керак. Масалан, кўча симёғочи, дарахт ёки қўшни бино.
- "Массаж"
Кўзларни юмиб, бармоқ дўмбоқчалари билан уларни силаш керак бўлади. Ёноқлар, қош ва кўз атрофини ҳам массаж қилиш мумкин. Бу машқ ушбу соҳада қон айланишини яхшилаб, кўриш органлари фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади.