Болалар кариеси — тишларнинг энг қўрқинчли душманидир. Уни вақтида аниқлаш жуда қийин бўлиб, ундан халос бўлиш эса кўп меҳнат талаб қилади. Шунинг учун ҳам болаларда кариеснинг олдини олиш муҳим ҳисобланади.
Тишларни ёшликдан асраймиз
Ҳар бир бола тишларни асраш учун уларни мунтазам ювиш лозимлигини билади. Гигиенага мунтазам амал қилиш барчасидан муҳим ҳисобланади. Сут тишлар учун юмшоқ чўтка ва махсус болалар пастасини танлаш лозим. Эрталаб ва кечқурунги тиш ювишдан ташқари ҳар сафар овқатлангандан сўнг оғизни чайиш лозим. Педиатрлар бу каби жараёнларга болани деярли йўргакдан ўргатиш лозимлигини таъкидлайди.
Қадрдон душманлар
Болалар кариеси кўпинча у ёки бу маҳсулотга ҳаддан ортиқ меҳр қўйишнинг оқибати ҳисобланади. Бу ерда гап энг маккор ширинликлар: ирислар, обаки, шоколадли батончиклар ва музқаймоқ ҳақида бормоқда. Болалар роса хуш кўрувчи қотирилган нон бўлаклари (сухарик), чипси ва ерёнғоқлар ҳам тишларга хавф туғдиради. Мевали соклар ва ширин газли ичимликлар ҳам кариес сабабчиларидир. Чунки улар таркибидаги шакар ва кислоталар тиш эмалини ювиб кетади. Яхши пишмаган мевалар ҳам худди шундай хавф туғдиради. Сут билан ҳам эҳтиёт бўлиш лозим. Унинг таркибида калций билан бирга лактоза ҳам мавжуд. У эса оғриқ келтириб чиқарувчи бактериялар учун қулай муҳитни яратади.
Фойдали маҳсулотлар
Тиш учун фойдали маҳсулотларнинг биринчи гуруҳини қаттиқ ва хом сабзавотлар ташкил қилади. Сабзи, лавлаги, карам милкларни жуда яхши массаж қилиб, тиш карашини (налёт) тозалайди ва тупук ишлаб чиқилишига сабаб бўлади. Бу эса ўз навбатида зарарли бактерияларни ювиб кетади. Брокколи ҳам калций ва фосфорнинг хазинаси ҳисобланади. Жўякдан олинган ҳар қандай кўкат, петрушкадан тортиб салат баргигача оғиз бўшлиғини дезинфексия қилади.
Денгиз маҳсулотлари
Агар сиз фарзандингизда балиқ ва денгиз маҳсулотларига меҳр уйғота олсангиз кариеснинг ривожланиш хавфи сезиларли даражада камаяди. Гап шундаки, тишлар учун ҳаётий муҳим бўлган калций ва фтор Д витамини билан боғланган ҳолда самаралироқ ўзлаштирилади. Денгиз маҳсулотлари эса бу моддаларга бой саналади. Бундан ташқари, улар Б гуруҳи витаминлари, йод, селен, фосфор ҳамда калций ва фторнинг катта заҳирасига эга.
Сутли ҳужум
Сутли маҳсулотларнинг ҳар бири тишларни ҳимоя қилишда ўзига хос вазифани бажаради. Табиий йогурт оғиздан нохуш ҳид келишини бартараф қилиб, тиш минералларини етказиб беради. Творог калций ва фосфорнинг оптимал нисбатига эга бўлиб, бола организми томонидан деярли тўлиқ ўзлаштирилади. Натижада эмал мустаҳкамланади. Пишлоқ эса кариесга қарши энг яхши восита ҳисобланади. У суяк тўқимасидаги калций миқдорини ошириб, шамоллашнинг олдини олади.