Ёз ойларида кўпчилик болаларнинг бадани, қўл-оёқлари, юзига иссиқлик тошиши кузатилади. Бу эса айрим оналарнинг хавотирланишига сабаб бўлади. Улар тезда фарзандини ўраб-чирмаб, дори воситаларини беришга уринади. Аслини олганда, бола баданига иссиқлик тошиши атрофдагиларнинг ҳаддан ортиқ "ғамхўрлиги" натижасида юзага келади. Чунки болаларни иссиқ ҳавода қалин кийимларга ўраб қўйиш унинг исиб кетишига олиб келади.
Тошмаларнинг келиб чиқиш сабаблари
Бола баданига иссиқлик тошишининг энг биринчи сабаби унинг ҳаддан ортиқ исиб кетишидир. Оналар фарзандларини елвизак ва шамоллардан эҳтиёт қилиб, йўргакка ўраб қўяди. Натижада болада кучли терлаш кузатилади. Уларда тана ҳароратини мувозанатлаштириб турувчи марказ яхши ривожланмаганлиги боис, тер тери ҳужайраларида узоқ вақт ушланиб қолади. Оқибатда тери ҳужайралари таъсирланиб, тошмалар тошади.
Иссиқлик тошишининг белгилари:
Иссиқлик асосан бола баданининг баъзи жойларида тошади. Айрим ҳолларда тошмалар бутун бадан бўйлаб тарқалади. Тошма тананинг қуйидаги соҳаларида тошиши мумкин:
- юз;
- думбалар;
- кўкракнинг олдинги юзаси;
- табиий бурмалар;
- чов соҳаси;
- елкалар;
- бош;
- қўл ва оёқларнинг ички соҳаси.
Баданда иссиқлик тошиши касаллик ҳисобланмайди. Шу боис боланинг умумий аҳволи ўзгармайди, иситма, безовталик, бадан қичиши кузатилмайди. Тошмалар қизғиш рангда бўлади. Айрим ҳолларда улар пуфакча кўринишида бўлади. Кун давомида тошмалар ташқи муҳит ҳароратига боғлиқ ҳолда кўпайиши ёки камайиши мумкин.
Оналарга маслаҳатлар:
- Болага пахталик матодан кийим кийдиринг;
- Ёз ойларида болаларга памперс кийдирмасликка ҳаракат қилинг;
- Тошма тошган соҳаларни нам латта билан артиб олинг;
- Ёзда иложи борича фарзандингизни ҳар куни чўмилтириб туринг;
- Болани имкон қадар ташқарида кўпроқ сайр қилдиринг;
- Тошма тошган соҳаларга малҳамлар ва лосёнлар сурманг;
- Боланинг шахсий гигиенасига эътибор қилинг;
- Ёз ойларида болани ҳаддан ортиқ ўраб ташламанг;
- Бола ётадиган хонани ҳар куни шамоллатиб туринг, хона ҳарорати 25 даражадан ошмаслиги керак;
- Боланинг табиий бурмаларига тез-тез эътибор беринг;
- Агар болага таглик кийдирсангиз унинг тўлишини кутмасдан, тез-тез алмаштириб туринг;
- Ёз ойларида эрталаб болага ҳаво ванналари ташкил қилинг.