Саломатлик

Болалардаги камқонлик. Гемоглобинни қандай ошириш мумкин?

Кичкина бола организмида жуда кам миқдорда бўлса-да темир моддасининг етишмовчилиги камқонлик ва бошқа хасталикларга сабаб бўлиши мумкин. Болалар гемоглобинини қандай ошириш мумкин?

Дастлаб камқонлик сабаблари ва оқибатларини кўриб чиқсак. Жуда кўп ҳолатларда болалардаги камқонликка мувозанатлаштирилмаган рацион сабаб бўлади. Шунинг учун агар таҳлил натижалари фарзандингизда ушбу касаллик мавжудлигини кўрсатса, зудлик билан унинг таомномасини қайтадан тузиб чиқинг!

Гемоглобин меъёри

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қабул қилинган меъёр бўйича қон таркибида гемоглобин 120-140 г/л ни ташкил этиши лозим. Агар кўрсаткич бироз пасайган бўлса, шифокор одатда махсус парҳез тавсия этади. Бироқ натижа меъёрдан жиддий фарқланса, дори воситалари қабул қилишга тўғри келади.

Камқонлик нимаси билан хавфли ҳисобланади?

- Биринчидан, гемоглобин кислородни ташиш учун, демак бутун организмнинг тўғри ривожланиши учун жавобгардир;

- Иккинчидан, у организмнинг турли инфекцияларга қаршилигини таъминлайди;

- Учинчидан, бу модданинг тақчиллиги ҳаётий муҳим органларнинг зўриқишини оширади.

Болада камқонлик аломатлари

Эътиборли ота-она камқонликнинг дастлабки аломатларини таҳлил натижаларисиз ҳам пайқаши мумкин. Боладаги рангпарлик, кам ҳаракатлик, иштаҳанинг йўқолиши кабилар шундай аломатлардандир. Бола уйқудан энди тураётганлигига қарамасдан, чарчагандек туюлади.

Таъм ва ҳид билишда ўзгаришлар пайдо бўлдими? Болангиз бўр, тупроқ ёки лойни татиб кўргиси келаётган ёки краска ва бензиннинг ҳиди ажойиб эканлигини айтган бўлса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилинг!

Камқонликда бола рациони

Эмадиган ёшдаги болаларда 5-6 ойликкача одатий рационни ўзгартириш тавсия этилмайди. Она ўз таомномасини зарур маҳсулотлар билан бойитиши самаралироқ ҳисобланади.

Агар бола қўшимча овқатлар ейдиган бўлса, унга таркибида темир юқори бўлган аралашмани танлаган маъқул. Болангизни яхшилаб кўздан кечиргандан сўнг, диетолог қандай қўшимча овқат беришни тавсия қила олади.

Агар боланинг ёши тўғри келса, шифокор таркибида темир моддаси бўлган турли сабзавотлар, жумладан исмалоқ, брюссел карами ва ёрмаларни (айниқса гречиха ёрмаси) тавсия этиши мумкин. Ана ундан кейин гўштга ўтиш мумкин (мол гўшти, курка ёки товуқ гўшти).

Болага мунтазам ичиш учун наъматак қайнатмаси ёки қуруқ меваларнинг шарбатини таклиф қилинг - уларнинг таркиби ҳам темир моддасига бой.

Шифокорлар болалар меньюсини кичик ёшдан бойитиб боришни тавсия этади. Бир ёшли бола рационига баргли кўкатлар, гўштнинг турли шакллари ва балиқ, пишлоқ, тухум, сабзавот ва мевалар киритилиши лозим.

Камқонликка қарши курашишда анор шарбати ҳам ажойиб восита ҳисобланади.

Кун тартиби

Камқонликни даволаш пайтида кун тартибига қатъий амал қилиш лозим. Тинч ва ҳавоси янгиланган хонада боланинг тўлақонли ухлаши (кундузги уйқу ҳам) мажбурий шартлардандир. Бола организмига кислород етишмаганлиги учун у очиқ ҳавода кўпроқ сайр қилиши лозим. Гимнастика ва чиниқтириш ҳам фойда келтиради.

Мақолани тайёрлашда интернет маълумотларидан фойдаланилди.