Тарбия

Болалардаги қизғанчиқлик: яхшими ёки ёмон?

Кўпчилик ота-оналар фарзандида қизғаниш ҳиссини пайқаб қолишса, наҳотки биз уни нотўғри тарбиялаётган бўлсак, деб ҳайрон бўлишади. Меҳрибон ва ақлли болангиз бирданига илгари бермаган саволларни бера бошлади: “Нима учун Шавкатнинг ўйинчоғи меникидан яхшироқ? Нима учун Сардорларнинг уйи бизникидан катта? Нимага Нигорага кўчада бош кийимсиз юришга рухсат беришади, менга эса йўқ? Нега Севаранинг иккита укаси бор, менда эса биттаям йўқ?” Даставвал бу сизни қувонтиради, аммо кейинчалик қўрқитишни бошлайди.

Шунга қарамай, юқоридаги каби саволларни деярли барча болалар беради. Бу нормал ҳолат, чунки кичкинтой теварак-атрофни кузатиш, таққослаш ва хулоса чиқариш қобилдиятига эга эканлигидан далолат беради. Агар у жавобларингиздан қониқса, дарров эсидан чиқариб юборади, бошқа нарсаларга чалғийди. Демак, хавотирга ўрин йўқ.

Фарзанд тарбиясида маъсулиятли она сифатида сиз табиийки унинг ҳамма хоҳиш-истакларини бажара олмайсиз ва бажармайсиз ҳам. Лекин келажакда унинг қизғанчиқ бўлиб ўсишини ҳам хоҳламайсиз. Кўп ҳолларда болангиз саволларига аниқ ва тўғри жавоб бериш энг самарали усул ҳисобланар экан.

1. Болага тушунтириш ишларини олиб бораётганда гап-сўзларингиздан кичкинтой “менинг нимамдир ёмонроқ экан, шунинг учун айрим нарсалардан маҳрум бўлган эканман-да” деган хулосага келмаслиги керак. Ундан кўра, “Агар йўталинг ўтиб кетса, ўзим сенга зўр музқаймоқ олиб бераман” ёки “Агар кўп конфет есанг, тишинг оғрийди. Ўртоғингнинг ойиси буни билмаса керак-да”, деб айтинг.

2. Фарзандингизга тушунтиринг: инсонлар ўртасидаги фарқ (тафовут) – доимий эмас, уни ўзгартириш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Яъни, агар у ўз устида тинимсиз ишласа, вақт ўтиши билан Шерзоддан ҳам узоқроққа сакраши мумкин. Агар ўзини чиниқтиришни бошласа, Мақсуд каби енгил кийимларда юриши мумкин бўлади. Фақат унга: “Биз буни ўзимизга раво кўролмаймиз” деб айтманг.

3.Болакайга тушунтиринг: ҳар бир нарсанинг албатта ўз тўлови (бадали) бор. Инсон эса нима учун тўлаш-тўламаслигини ўзи ҳал қилади. Масалан, Камоланинг ота-онаси унга чиройли ва қиммат ўйинчоқлар, ўзларига эса данғиллама уй, машинали шароитда яшашни танлашди, лекин буларнинг ҳаммаси қизлари билан кунига атиги 0.5-1 соатгина кўришиш эвазига амалга оширилади. Сиз аксинча, майли у қадар бой бўлмасангизда, фарзандингизга кўпроқ вақт ажратишни, у билан кўпроқ бирга бўлиш учун ҳаракат қилаётганингизни айтинг.

4.Болалар қизғанчиқлигининг асосий предмети – ўйинчоқ. Болакай тушунишига имкон беринг: у ёқтириб қолган ўйинчоқни ҳозир олишга имкон йўқ, аммо яқин орада сотиб оласиз. У ўзи англаган ҳолда “камроқ конфет есам, ўйинчоққа ҳам пул тежаларди” деган фикрга келсин. Ҳам соғлиққа фойда, ҳам чўнтакка.

5. Фарзандингизни ўраб олган муҳит, шароит энг ёмонлардан эмаслигини, ундан ҳам ночор аҳволда яшовчилар борлигини кўрсатинг. Ва улар қизғанишга арзийдиганларга нисбатан кўпчиликни ташкил этишини гап орасида қистириб ҳам ўтинг.

6. Боланинг олдида “Ана одамлар қандай яшаяпти!” ёки “Ҳали бу пулларни қаердан, қандай йўллар билан топаётганлиги маълум эмас” каби гапларни гапирманг.

7. Уй ичидаги қулайликка ва нарсаларнинг жойлашувига аҳамият беринг. Кичкинтой уйда ўзини қулай ва эркин ҳис қилиши жуда муҳим.

8. Ҳеч кимни болангиз олдида мисол, намуна қилиб кўрсатишга интилманг. Унинг қобилияти ва меҳнатини қўшнининг аълочи қизи Ситора нисбатан эмас, балки ўзининг имкониятларидан келиб чиқиб мақтанг, керак бўлса мукофотланг.

9. Фарзандингизга кўпроқ мустақил топшириқлар беринг, уй юмушлари билан ҳам бандлигини таъминланг.

10. Кичкинтойлар қизғаниш ҳиссини кўпроқ йиғи орқали ифодалайдилар. Бу ҳолатда унинг айнан нимани истаётгани, ўз фикрларини аниқ ва лўнда ифодалашини талаб қилинг.

Бир томондан, қизғанчиқлик – ёмон нарса эмас, келажакда у танқид каби таъсир этиб, мақсад сари қадам ташлашга куч, ғайрат бағишлайди. Бошқа томондан олиб қараганда, юрагининг туб-тубида ҳар бир болакай ота-онасига ишонишни хоҳлайди. Шундан қилингки, ҳамма нарса ўз меъёрида бўлсин.

Манба: Darakchi.uz