Киши улғайгач, келгуси ҳаёти қандай бўлиши, кўп ҳолларда унинг болалигига боғлиқ. Айниқса, болаликдаги ота-оналар билан боғлиқ муносабатлар муҳим рол ўйнайди. Очиқлик, юмшоқ кўнгиллилик болаларни ҳаётнинг оқ-қора томонларига нисбатан жуда таъсирчан қилиб қўяди. Ота-оналар болаларга ёрдам бермоғи ва эртага уларнинг муваффақиятли келажаги учун бугундан шуғулланмоғи лозим.
Бу борада бизда бир неча маслаҳатлар бор. Демак:
1. Болага “доим касалсан”, “қобилиятсизсан”, “қайсарсан”, “мустақил эмассан”, деб таъсир кўрсатманг
Агар у бу каби гапларни доимий равишда катталардан эшитаверса, ишонаверинг, улар ўзларини айнан шундай тутиши мумкин.
2. Бола феълидаги, ҳаракатларидаги салбий жиҳатларини яхшилайман, деб унинг шахсиятини танқид қилманг
Кўпинча ота-оналар ўзгаради, деган умидда боланинг камчиликларига эътибор қаратади. Лекин аксинча юз бериши ҳам мумкин. Қолаверса, танқидий муносабат унинг ўз-ўзини баҳолаш, ўзига ишониш даражасига таъсир этади.
3. Унутманг: танқид боланинг шахсиятига эмас, ножўя ҳаракатига қарата бўлиши керак
Масалан, бола пиёлани синдириб қўйди ва онасидан: “бунча бесўнақай, бепарво бўлмасанг” қабилида дакки эшитади. Бу пайт болада “мен доим шунақа ёмонман” деган тушунча пайдо бўлади. Она бундай ҳолларда боланинг қилмишининг эҳтиётсизлик туфайли содир бўлганлигини айтгани маъқул.
4. “Эртаклар-яхшиликка етаклар”, деган нақлга амал қилинг
Сиз ҳам болага қаҳрамони яхши иш қилмаган эртаклардан сўзлаб беринг. Чунки улар кўпинча ўзларини эртак қаҳрамонлари билан солиштиради, бу эса воқеа-ҳодисага четдан назар солишга ёрдам беради. Ўзингиз ҳам биргаликда ўша эртак қаҳрамони қийин вазиятлардан қандай чиқиб кетиши мумкинлиги ҳақида суҳбатлашинг.
5. “Қўштирноқ” усулидан фойдаланинг
Унда Сиз болангиз ҳолати билан боғлиқ ва сизда ҳам шундай вазият бўлган тўқима ёки ҳаётий воқеани сўзлайсиз. Кейин ўша вазиятдан қандай чиқиб кетганингиз ҳақида ҳам айтинг. Болалар бу сингари ҳолатларда Сиз айтган усуллардан фойдаланиши мумкин. Бу айниқса, ўсмир ёшдаги фарзандлар учун ас қотишини руҳшунослар таъкидлайди.
6. Ижобий мазмундаги ибораларни қўлланг
Кўпинча ота-оналар болаларга: “асабийлашма”, “жанжаллашма”, “букчайма” қабилидаги танбеҳларни беради. Улар салбий тоифага кирувчи танбеҳлардир. Унинг ўрнига ижобий мазмундаги “тинчлан”, “ярашиб ол”, “қаддингни тик тут” сингари сўзларни ишлатинг.
Фарзандингизга бўлган бугунги муносабатингиз, унутмангки, эртага унинг ҳаёт билан “чиқишиб кетиши”га, “дўстлашиши”га замин ҳозирлайди.
Манба: Daryo.uz