Биласизми?

Болаларга мўлжалланган китобларнинг нархи арзонлашади

Болалар ва ўсмирлар адабиётини нашр этиш тизимини янада такомиллаштириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” телеграм канали хабар берган, деб ёзади Kun.uz.

Қарорга мувофиқ икки ойлик муддатда 2018-2022 йилларда болалар ва ўсмирлар адабиётини нашр этиш тизимини янада такомиллаштириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади:

болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган китобларни нашр қилишга ихтисослаштирилган нашриётларни аниқлаш мезонларини ишлаб чиқиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш;

болалар ва ўсмирлар дунёқарашини кенгайтириш, уларни эртанги куннинг чинакам қаҳрамонлари сифатида тарбиялашга қаратилган асарлар яратилишини рағбатлантириб бориш;

яратилаётган янги асарларни мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасаларида кенг тарғиб қилиш мақсадида ушбу асарлар муаллифлари иштирокида мунтазам ижодий учрашувлар ташкил этиш;

болалар ва ўсмирлар мавзусида ижод қилаётган адибларга “Ижод” жамоат фонди маблағлари ҳисобидан аниқ ижтимоий буюртмалар бериш тизимини такомиллаштириш;

болалар ва ўсмирлар мавзусида ижод қиладиган ёш адиб ва шоирларни тарбиялаш, уларнинг ижод намуналарини чоп этиб бориш.

Халқ таълими вазирлигига:

• умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасалари учун болалар ва ўсмирларга мўлжалланган китобларни нашр этиш квоталари ўқувчилар (тарбияланувчилар) сони ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда белгилаш; • квоталар асосида болалар дунёқарашини кенгайтиришга, уларнинг маънавий, интеллектуал оламини бойитишга қаратилган, болалар психологиясига мос адабиётларнинг босқичма-босқич чоп этилишини таъминлаш топширилди.

2018-2019 ўқув йилидан бошлаб болалар ва ўсмирлар ўқиши зарур бўлган адабиётлар рўйхати шакллантирилади.

Матбуот ва ахборот агентлиги, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясига болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган адабиётларни арзон нархларда чоп этиш чораларини кўриш юкланди.

Шунингдек, китоб савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар томонидан ҳудудларга китобларни етказиш билан боғлиқ харажатларни ҳисоб-китоб қилишда болалар ва ўсмирларга мўлжалланган китоблар нархининг асоссиз равишда ошиб кетишига йўл қўймаслик бўйича зарурий чоралар кўрилади.

Умумтаълим мактаблари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасаларида ҳар ойнинг охирги шанба кунини “Иншолар куни” деб белгиланди. Бунда ўқувчи ва талабалар ўзлари ўқиган китоблари бўйича иншолар танлови ташкил этилади ҳамда уларни рағбатлантириш механизми ишлаб чиқилади.