Кутубхона

Болаларни бахтли бўлишга қандай ўргатиш мумкин?

Ҳар қандай ота-она фарзандининг бахтли бўлишини чин дилдан истайди ва бунинг учун қўлидан келган барча шароитни яратиб беришга ҳаракат қилади. Бироқ бу ҳақиқатан ҳам бахтга олиб борувчи йўлми?

Фарзандларининг бахтли бўлишини истовчи ота-оналар учун қимматли ривоят мавжуд. Қуйида уни эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик.

Бир куни бир доно қария сўқмоқда сайр қилиб юрган экан. У табиатдан баҳра олиб, баҳорнинг илиқ шамолидан завқланиб, қуёшнинг майин нурларига хурсанд бўларди. Шу пайт унинг йўлидан бир аёл чиқиб қолди. У ўзининг елкасида жуда катта қопни кўтариб олган экан. Қопнинг оғирлигидан бечора аёлнинг оёқлари қалтирар, юзи эса терга ботган экан.

Шунда қария:

- Бу қопда нима бор? Нега шунчалик қийналиб уни кўтариб юрибсан? — деб унга мурожаат қилибди.

- Бу қопда қайғу ва аламлар бор. Менинг авлодларим бахтли бўлиши учун мен буларни кўтариб юрибман. — деб жавоб берди бечора аёл. - Менинг катта бувим бувим учун меҳнат қилган, бувим эса онам учун, онам эса мен учун. Мана энди мен бу юкни кўтариб юрибман ҳамда болаларимнинг яхши ва бахтли кунлари учун азоб чекаяпман.

- Айтчи, оилангизда бирор киши бахтли яшаганми? — сўради донишманд қария.

- Йўқ, ҳозирча ҳеч ким бахтли яшамаган. Бироқ менинг фарзандларим ва набираларим албатта бахтли бўлишади! — деб умидворлик билан жавоб берди аёл.

- Бироқ сен саводсиз одам ҳеч қачон ёзишни ўргата олмаслиги, сичқон эса бўрини тарбия қила олмаслигини билмайсанми, — хўрсинди аёлнинг суҳбатдоши. - Токи ўзинг бахтли бўлишни ўрганмас экансан, фарзандларингни ҳам бахтли бўлишга ўргата олмайсан. Шунинг учун қопингни ташла ва бахтли яша! Бу болаларингга ҳадя қилишинг мумкин бўлган энг қимматбаҳо нарсангдир!

Шундай экан, фарзандларини бахтли кўришни истаган ота-она аввало бу ҳиссиётни ўзлари ҳис қилишлари лозим!

Мақолани тайёрлашда "Я Happy мама" сайти маълумотларидан фойдаланилди.