Тарбия

Болаларнинг ёмон одатлари ҳақида

Қўл сўриш, бурун кавлаш, жинсий аъзога ҳадеб тегинавериш, тирноқ тишлаш ва ҳоказо. Болаларнинг ёмон одатлари рўйхатини анча давом эттириш мумкин. Уларни қанчалик жиддий қабул қилиш керак? Нима учун юзага келади? Йўқотиш йўллари борми?

Вазият нақадар жиддий?

Бола катта бўлар экан, у ёки бу одатни бирдан илиб олади, унга тез кўникади ва ўша одатни худди шундай тезликда унутиши ҳам мумкин. У бармоғини сўриши, тирноғини тишлаши, соч толаларини чайнаши, бурун кавлаши, хуллас, кўпдан кўп хунук ишларни қилиши мумкин. Бундан ташвишланиш керакми ёки ўткинчи нарса сифатида хотиржам қараш лозимми?

Ёмон одатларга ўрганиш бола ривожланишининг маълум босқичига хосдир. Кўпинча улар бир умрга қолиб кетмайди, бу одатларнинг ортида балки жиддий муаммо ҳам йўқдир. Масалан, уч ярим яшар Жавоҳир, негадир, ёлғондакам йўталиб-йўталиб қўядиган одат чиқарди. Ҳеч қандай шамоллаш ҳам, аллергия ҳам йўқ. Кейин маълум бўлишича, боғча тарбиячиси шамоллаб бир-икки кун йўталиб юрган экан, кичкинтой ўзи учун нуфузли бўлган инсоннинг бу ишини такрорлай бошлаган. Вақт ўтиши билан бу одати ўз-ўзидан қолиб кетди. Лекин у бола руҳий ҳолатидаги нотинчлик ё бошқа муаммолардан дарак бўлиши ҳам мумкин. Шу сабабли вазиятни баҳолаш учун бола ўсаётган муҳитни яхшилаб кузатиш лозим.

Сабаби нима?

Боланинг ёмон одатлари манбаини тафтиш қилар эканмиз, аввало, ота-она, катталар ўзларига ташқаридан назар ташлашлари керак. Масалан, бурун кавлаш, ручка ё тирноқ тишлашни кичкинтой катталарда кўрган бўлиши эҳтимоли юқори.

Ёмон одатларнинг қандай келиб, қандай йўқолганини баъзида ота-она ҳам, боланинг ўзи ҳам сезмай қолади. Бундан келиб чиқадики, ўша одатларга дуч келганда қаттиқ ваҳима қилмаслик керак. Лекин бепарво қараб туриш ҳам ярамайди. Асосийси, кичкинтойни бу одати учун уришиш, жеркиш мумкин эмас. Чунки «Бармоғингни оғзингга солма» ёки «Нега ҳадеб бурнингни кавлайверасан?» деган танбеҳлар, айниқса, улар кўпчилик орасида айтилса, фарзандингиз руҳиятига ёмон таъсир ўтказади. Натижада ё бола бу одатини умуман ташламайди, ёки ўрнига ундан-да хунукроқ бошқа бир қилиқ чиқаради.

У бу одатни кимдадир кўриб, шунчаки болаликка хос тақлидчилик билан такрорлаяптими ё бунинг замирида бошқа чуқур психологик муаммо борми? Бу саволга жавоб топиш учун оиладаги муҳитни ота-она бир танқидий назардан ўтказиши керак. Агар уйда ҳаммаси жойида бўлса, муаммонинг илдизини боғча ё мактабдан қидиринг: боғча опаси ёки тенгдошлари томонидан тазйиқ ё босим ўтказилмаяптими, биров унинг устидан кулмаяптими, умуман, болангиз сиздан бирор сир бекитмаяптими? Агар бу саволларга ҳам «Йўқ» жавобини олсангиз, демак, бу оддий тақлидчилик.

Муаммонинг ечими қаерда?

Кичкинтой билан руҳан яқин бўлиш, унинг ички дунёси ва руҳиятини англаш, яширин истакларини аниқлаб, уларни ё рўёбга чиқариш ёки улардан воз кечишга кўндириш — мана шулар муаммонинг ечимидир. Бундан ташқари, фарзандингиздан ёшига ва салоҳиятига муносиб нарсани талаб қилиш керак. Фалончининг ўғли 5 ёшда ўқишни ўрганган бўлса, бу сизнинг фарзандингиз ҳам албатта, шу ёшда буни эплаши, эплай олмаса, келажаги порлоқ эмаслигидан далолат экани каби қарашлар умуман нотўғри. Инсоннинг ақлий ривожланиши фазалар билан кечади. Ва фаоллик фазаси ҳаммада ҳам бир хил ёшда бўлавермайди. Балки 7 ёшда ўқишни ўрганган болангиз 15 ёшида ўша ўзидан ақллироқ кўринган тенгдошини ортда қолдириб кетар. Шу сабабли кичкинтойга индивидуал ёндашиш, тарбияни пойгага айлантирмаслик керак. Акс ҳолда, кичкинтой руҳияти бунга ўзи билган ва эплаган тарзда қаршилик кўрсата бошлайди, бу қаршилик баъзида арзимас бармоқ сўришдан тортиб то тунда ўрнини қўллаб қўйишгача бўлиши мумкин.

Биргина бармоқ сўриш одатини олайлик. Сўриш боланинг табиий инстинктидир, айнан шу инстинкт туфайли у туғилибоқ онасининг кўкрагини эма бошлайди. Аммо айрим болалар ёшлари катта бўлгач ҳам, сўрғич ё бармоқни сўришда давом этаверадилар. Баъзилар эса чайнашни яхши кўришади: ручкани, сочни, ёқа ёки енгни. Ниманидир сўриш ёки чайнаш одати бола руҳиятининг хотиржам эмаслиги, уни нимадир безовта қилаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шу сабабли, аввало, унинг асабий ҳолатини яхшилаш, тинчлантириш лозим. Олайлик, она кечки пайт боласи каравоти ёнига ўтиради ва унга ширин аллалар ё эртаклар айтиб беради. Баъзида шунчаки дилдан суҳбатлашиш ҳам мумкин. Шунингдек, икки ярим-уч ёшлик болаларга юмшоқ ўйинчоқлар ҳам тинчлантирувчи вазифасини бажаради.

Ўзига ишончи ортсин

Бола улғайгани сайин уни ёмон одатлардан қайтариш қийинлашиб бораверади. Шунинг учун ёши каттароқ болаларга шунчаки она меҳрининг ўзи камлик қилади. Энди кичкинтойга ўзига ишонишни, собитликни ўргатиш лозим. Фарзандингизни меъёрида мақтанг, бу мақтовни фактлар билан мустаҳкамланг (қуруқ «асалим-шакарим» эмас, «менга ёрдам берадиган дастёрим» тарзида). Унга оз-оздан ўзи қилишни истаган уй ишларини топширинг. Масалан, ўғлим пироглар пишираётганимда масаллиқларни аралаштиришни ёқтиради. Мен унга гарчи тўкиб юбориш хавфи бўлса-да, бу ишни ишониб топшираман. Тўкилса, ўрни тўлиб кетади, боламнинг ўзига бўлган ишончи ортгани қолади, дейман-да.

Гап катталарда бўлиши мумкин

Айрим ота-оналар кичкина ўғил болаларнинг нуқул ўз жинсий аъзосига тегинаётганини кўриб қўрқиб кетишади. Аслида бу табиий ҳол. Масалан, болага иштонининг чоки ботса ё ҳожатга боришни истаса, қўли беихтиёр ўша ёққа кетиши мумкин. Қолаверса, қўлларини эркин ҳаракатлантириб истаган ерига теккизиши мумкинлигини билган кичкинтой аъзосини ушлаб кўргиси келиши табиий (худди қулоғи ё оёқ бармоқларини ушлагандек). Буни кўрган катталар ўз қаричлари билан ўлчаб, фожиа ясасалар, бу одат чиқурроқ илдиз отиб кетиши мумкин. Баъзан катталар ўзлари боланинг жинсий аъзосига тегинишлари, аъзони кўп гапиришлари мумкин. Шунда бола ҳам жинсий аъзо ҳақида кўп ўйлайдиган, ҳар ўйлаганда унга тегиниб қўядиган бўлиб қолади. Демак, аввало, пашшадан фил ясаманг, қолаверса, боланинг олдида ҳадеб шу мавзуни кўтараверманг. Борди-ю, фарзандингиз ҳадеб шу ишни такрорлаётган бўлса (бу кичкинтойнинг атрофдагилар, олам билан ўзаро муносабати бузилганини билдиради), бу ўринда энди болалар руҳшуносига мурожаат этиш керак бўлади. Яъни унда-бунда қўл теккизиш бошқа-ю, мунтазам равишда ва кўп бор бу ишни қилиш бошқа.

Хулоса

Кўриб ўтганимиздек, ёмон одатлар шунчаки пайдо бўлиб, кейин ўз-ўзидан йўқолиб кетадиган, яъни ЖИДДИЙ БЎЛМАГАН ёки аксинча, боланинг ички оламидан, ундаги хавотир ва безовталикдан хабар берадиган ЖИДДИЙ турларга бўлинади. Болангиздаги одат қайси турга мансублигини аниқлаш учун аввал яхшилаб ташхислаш ишларини ўтказинг, яъни унга эътибор ва меҳр етарли даражадами ёки йўқ, шуни текширинг. Кейин ўзингиз, жиддий ҳолларда эса мутахассис ёрдамида сабабларни бартараф этишга киришинг.

ШАҲИНА тайёрлади

Манба: Darakchi.uz