Боланинг ўз оиласини чизган расмига қараб, унинг оила аъзоларига бўлган муносабатини билиб олса бўлади. Ундан ташқари бола ўзини оилада қандай ҳис этишини ҳам кўриш мумкин.
Болага ўз оиласини чизиб беришини таклиф қилинг. Чизиш жараёнига аралашмаслик муҳим. Расм тайёр бўлганда, уни таҳлил қилса бўлади.
Кетма-кетлик: Оила аъзоларининг чизилган кетма-кетлигига қараб уларнинг қай бири бола учун энг муҳим эканлигини билса бўлади. Бола одатда биринчи бўлиб ўзи учун энг қадрли ва севимли инсонини чизади. Агар оила аъзолардан кимнидур чизиш эсидан чиққан бўлса, демак у инсон билан муносабати яхши эмас. Ўзини ўртада чизган бола, оилада у севилаётганини ҳис қилаётганидан далолат беради. Умуман ўзини чизмай қолса, демак у ёлғиз ва оила аъзоларига ўзини керакмас ҳисобламоқда.
Ҳажми: Чизилаётган инсоннинг ҳажми қанчалик катта бўлса, у шунчалик бола учун ҳурматга сазовордир. Оилада камситилаётганини ҳис этган бола ўзини кичкина чизади.
Масофа: Оилада тинчлик-ҳотиржамлик бўлса, барча аъзолар бир-бирига яқин жойлашган бўлади. Агар оила аъзолари орасида бирон буюм ёки масофа тасвирланган бўлса, демак улар муносабатларида узоқлик борлигини бола ҳис қилаётганини кўрсатмоқда.
Ранг: Бола севадиган нарсаларини илиқ ёқимли ранглар билан бўяйди. Қора рангда бўялган оила аъзосига нисбатан болада нафрат борлиги намоён бўлмоқда.
Тана аъзолари: Аниқ ва тўлиқ чизилган тана аъзоларига эга инсон бола учун керакли эканлигидан далолат беради. Агар оила аъзоларидан бирининг оғзи жуда катта ёки тишлари билан чизилган бўлса, демак у болага кўп жахл қилмоқда. Кўзларини жуда катта чизган бола, нимадандур қўрқади. Қўллари жуда узун ёки умуман тасвирланмаган оила аъзоси болага қаттиқ куч ишлатаётганини ёки уни психологик эзаётганлигини кўрсатмоқда.
Боланинг дили жуда нозик эканлигини унутмаслик керак. Вақт-вақти билан унга оила аъзоларини чизиб беришни таклиф қилиб, ўз муносабатларингизга баҳо беринг. Уларни яхшилашга туртки бўлади.
Мақола ёққан бўлса, дўстларингиз билан бўлишинг!
Манба: Uzbaby.uz