— Ўғлим 8 ёшда, бўйи паст. Ҳар ойда ўлчаб турамиз, ўзгариш бўлмаяпти. Туғилганида яхши эди, буни сезганимизга 2 йил бўлди. Ирсият билан боғлиқ эмас, чунки оиламизда бўйи пастлар йўқ. Нима қилиш керак, маслаҳат беринг? Фақат гормон билан даволанадими? Бошқа йўли йўқми?
Жамила Комилова, Шайҳонтоҳур тумани
Саволга шифокор-педиатр, тиббиёт фанлари номзоди Дилфуза ТУРДИЕВА жавоб беради.
— Бўй ўсмаётгани наслий сабабларга боғлиқ бўлмаса, организмда турли касалликлар кечаётган ёки бўйни ўстирадиган гормонлар фаолияти издан чиққан бўлиши мумкин. Болаларнинг бўйи ўсмай қолишига кўпинча оқсил, витамин ва минерал моддалар етишмаслиги сабаб бўлади. Сабзавот ва ҳўл меваларни кам истеъмол қиладиган, яхши овқатланмайдиган болаларнинг бўйи жуда секин ўсиши кузатилган.
Касалликка бош миядаги ўзгаришлар сабаб бўлса, невропатолог зарур муолажаларни буюради. Боланинг ўсишида фаол қатнашадиган ички эндокрин безлар — гипофиз, қалқонсимон ва жинсий безлар фаолияти меъёрдами, шуни текширтиринг. Ўсиш гормони етарли бўлмаса, беморга гормонал препаратлар қўлланилади. Муолажа пайтида бола оқсилга бой маҳсулотлар, айниқса, тухум, пишлоқ, гўшт, творог, мевалар истеъмол қилиши керак.
Манба: Darakchi.uz