Мақола бола руҳияти бўйича эксперт ва таниқли ёзувчи Сьюзан Магсаменнинг мақоласи асосида тайёрланган.
Йигитнинг кимгадир ишқи тушиши – бу табиий ҳолат. Муҳаббат аслида тоза туйғулар меваси. Боланинг синфдош қизга, мактабдош ва ҳатто ўқитувчисига меҳри тушиши кўп кузатилади. Ота-она бу вазиятда унинг туйғуларига шикаст етказмаган ҳолда, болага уларни шарҳлаб бериши лозим. Биринчи ўринда, боланинг муносабати севги ёки шунчаки ўрганиш эканини аниқлаш керак.
Кўпчилик оналар ўғлининг кимнидир севиб қолганини эшитгач, аксарият ҳолда илк таассурот салбий бўлади. Боиси, кўпчилик оналар жондай азиз ўғлини рашк қилади!
Айниқса, бугун – севги ёши тобора ёшариб бораётган бир маҳалда ота-онадан бу севгини меъёрига келтириш учун катта зеҳн ва эътибор талаб қилинади. Руҳий тадқиқотларда маълум бўлишича, чинакам севги инсонда оила шароитида, айниқса биринчи фарзанд дунёга келганидан сўнг шаклланадиган илиқ муносабатлар туфайли пайдо бўлар экан. Болалар оилада ота-она муносабатларининг шифокорларидир. Кун келиб, биз ота-она сифатида фарзандимизнинг руҳий ҳолатига шифо бера олишимиз керак.
Боланинг уйдан ташқарида кимгадир нисбатан шаклланган ҳиссий муносабатлари уларни ўзига яқин олиш ва кучли меҳр қўйиш туфайли юзага келади. Тўғри, "болалик севгиси"га бола танасидаги биологик таъсир ҳам кучини кўрсатади. Мияда дофамин, норадреналин ва серотонин деган инсоннинг асаб тизимига таъсир ўтказувчи гормон ва кимёвий моддалар мавжуд. Улар романтик туйғулар "муаллифи"дирлар. Уларнинг ҳар бирида ўзгача сеҳр мавжуд. Бири ҳар қандай вазиятда ҳам кайфиятнинг кўтаринкилигини таъминласа, бошқаси инсонни ғайратли қилиб, уйқусиз тунлардан кейин ҳам тонгни бардам қарши оладиган қилиб қўяди, яна бири одамни бошқаларга меҳрибон ва эътиборли қилади.
Илк муҳаббат симптомлари болада дудуқланиш, кафт терлаши ва юракнинг тез уриши каби ҳолатларни келтириб чиқаради.
Аввалига миядаги туйғу унсурлари туфайли пайдо бўлган ҳислар кейинчалик қизиққонлик, боғланиб қолиш туфайли мустаҳкамланиб, улғая бошлайди. Илк севги турли кўринишда бўлади. Кимнидир қувноқ қилса, кимнидир тушкун қилиб қўяди.
Бизнинг тажрибасиз боламиз учун нотаниш туйғулар оғирлик қилиб, унинг феълига ёмон таъсир қилиши ҳам мумкин. Ошиқ йигитча бора-бора ўзини ёмон ҳис қилиши, заиф сеза бошлайди. Бола айнан мана шу даврида ота-онаси билан ўзининг шахсий ҳиссиётлари ҳақида очиқча гапириши мумкин. Агар шу жараён узилмаса, ота-она фарзандига ўз вақтида бу туйғуларнинг моҳиятини тушунтирса, боланинг қалбида севгининг гўзал уруғларини ва севгига бўлган ҳурматни уйғота олса, фарзанди кейинчалик ҳам бу масалада уларга мурожаат қилишга одатланади. Акс ҳолда, бора-бора улар индамас бўлиб қоладилар ва жиддий хатоларга йўл қўядилар.
Бу "жажжи муҳаббат"ни айблашга, болани тергаб, уни қўрқитишга уринманг. Болага дўстига олижаноб одамдек муносабатда бўлиш сирларини ўргатинг. Фарзандингиз ўзи ёқтирган инсонни ҳурмат қилса, бора-бора ундаги меҳрдан ҳам устун бўлган дўстлик ришталари пайдо бўла бошлайди.
Боланинг кимнидир яхши кўриши унинг бизни севмай қўйганини ёки биздан совиб қолганини англатмайди. Унинг ўқитувчиси, энагаси ёки яна кимгадир боғланиб қолиши аслида соғлом турмуш нишонасидир.
Бу каби "болалик севгиси" қисқа муддатли бўлиши ҳам мумкин. Агар туйғулар болада носоғлом кайфият уйғотаётган бўлса, руҳшуносга мурожаат қилинг. Бошқа ота-оналарнинг бу борадаги тажрибаларига қизиқиб кўринг.
Болангиз катта ва тушунадиган ёшда бўлса, унга ёшликдаги севгининг ўткинчи эканини тушунтиринг. Унга самимий муҳаббат аслида яратувчанлик, инсоннинг ички имкониятларини юзага олиб чиқишга кўмаклашувчи эзгулик туйғуси эканини англатинг. Уни ўзи меҳр қўйган қиз билан самимий дўст бўла олишига, чин муҳаббат кейинчалик оилавий ҳаётда содир бўлишига ишонтиринг.