Тарбия

Болангиздан сўрашингиз керак бўлган 30 та савол

Мулоқот – тарбия калити, деган эдик. Мулоқот – иккитомонлама алоқанинг асоси. Бир фурсат жим туриб, болани тингласак, унинг кўнглини эшита бошлаймиз ва боламизни яқиндан билиб оламиз. Болалар ҳар доим ҳам ўз фикр-мулоҳазалари, орзулари, ташвишларини баён қилмайдилар. Банд ота-она бўлиш ёки нутқнинг ривожланмаслиги бунинг бош сабаблари.

Агар ҳар куни фарзандингизни 30 дақиқа тинглай олсангиз, тез орада ундаги кенг дунёқараш, руҳий ва тарбиявий ўзгаришларга гувоҳ бўласиз. Келинг, уларнинг дунёларининг бир қисмига айланинг. Бунинг вазият туғилганида, секин-аста, боланинг ёшидан келиб чиқиб қуйидаги 30 та саволни болангиздан сўраб кўринг. Шу билан бирга, қўшимча 10 та савол жараённинг самарали кечишига хизмат қилади.

“Агар эртак ёзсанг, унинг қаҳрамонига қайси исмни қўясан? Эртакда у нима ишлар қилади?”

“Катталар қиладиган қайси ишни сен ҳам қилгинг келади? Сен учун энг севимли машғулот нима?”

“Агар сенга оппоқ қоғоз берсам унга ниманинг суратини чизасан ёки нима деб ёзган бўлар эдинг?”

“Мактабда энг яқин ўртоғинг ким? У нега яхши?”

“Эсингда қолган энг яхши кунинг ёки хотира ҳақида гапириб бер.”

“Агар сен эртак қаҳрамони бўлиб қолсанг, нималар қилар эдинг?”

“Менга мени кайфиятимни кўтарадиган бирор латифа айтиб бер-чи.”

“Бугун ёки шу ҳафта сенингда эсингда қолган бирор воқеа содир бўлдими?”

“Сенинг фикрингча, энг яхши кун қандай бўлиши керак?”

“Қаерларга саёҳатга боргинг келади?”

“Қандай жониворни боққинг келади? Сенинг-ча, жониворлар ҳам инсоннинг дўсти бўла оладими?”

“Қайсидир дўстингга ёрдам бергинг келадими?”

“Агар бизнинг (ота-она) ўрнимизда бўлиб қолсанг, нима қилган бўлар эдинг?”

“Агар мактабда бирор нимани ўзгартириш имконинг бўлганида, нимани ўзгартирар эдинг?”

“Сенинг-ча, синфдошларингдан қайси бири яхши ўқитувчи бўла олади?”

“Оиламизда сенга ёқмайдиган ёки ўзгартириш керак, деган бирор нарса борми?”

“Дунёда ниманидир ўзгартиргинг келадими? Нимани ва қандай?”

“Сен яхши кўрадиган китоб ёки фильм қаҳрамони ҳақида нималар дея оласан?”

“Ўша қаҳрамон бизникига меҳмонга келса, ундан нималарни ўрганган бўлар эдинг?”

“Эртага эрталаб сеҳргар бўлиб уйғонсанг, нима ишлар қилар эдинг?”

“Амалга ошиши мумкин бўлган 3 та истагингни мен билан ўртоқлашгин.”

“Нимага доим бир хил рангли кийим танлайсан? Бу ранг сенга нега ёқади?”

“Энг катта орзуинг нима?”

“Ким билан кўпроқ ўйнаб, дўст бўлгинг келади?”

“Нима сени кўпроқ ташвишга солади?”

“Агар исмингни ўзгартирмоқчи бўлсанг, қайси исмни танлаган бўлар эдинг?”

“Ҳаётда нимадан кўпроқ фахрланасан?”

“Менга айта олмаган ва ҳозир айтгинг келаётган бирор гапинг борми?”

“Мендан нимадир сўрагинг келган вақтларда нима сабабдан сўрай олмайсан?”

“Сени ноҳақ жазолаган кунимни эслай оласанми?”

Сиз шу каби саволлар билан болангизнинг ички оламига саёҳат қилинг. Шу билан бирга, қуйидаги қўшимча саволлардан ҳам фойдаланинг.

“Бу ҳақида яна нима дея оласан?”

“Наҳотки? Батафсилроқ гапириб бера оласанми?”

“Ростданми? Кейин нима бўлди?”

“Қизиқ. Давомини ҳам эшитгим келяпти.”

“Ва бу билан сен менга айтмоқчисанки ...?”

“Хўш, энди нима қилмоқчисан?”

“Сени тинглаш жуда мароқли. Яна шу тахлит гаплашиб турсак бўладими?”

Фарзандингизнинг камолини кўриш Сизга насиб қилсин!