Уч-тўрт ёшдан ўтгач, мулоҳазаси тиниқлашиб қолган бола катталарга хос ҳаракатларни такрорлашга ўч бўлиб қолади. Шу сабали, болага худди шу даврданоқ муомала ва муносабат меъёрларини ўргатиб боришнинг фойдаси катта. Умрнинг бу палласидан бошлаб бола оила ёрдамида жамиятга қўшила бошлайди. Гўдаклигида олган тарбиявий йўл-йўриқлар боланинг характери ва ижтимоий билимларини шакллантириб боради. Тўғри тарбия туфайли фарзандингиз келажакда жамият йўлбошчиларидан бири бўлиб етишиши мумкин. Бу ҳар бир ота-онанинг орзусидир. Фарзандингизнинг бошлиқ бўлиши, аввало, сизга боғлиқ. Бу борада қилиниши керак бўлган дастурларни эслаб қолишга ҳаракат қилинг.
Мулоқот қилиш. Мулоқот жараёнида фикрни аниқ-тиниқ ифодалай олиш у ёки бу даврада аҳамиятли киши бўлиш деганидир. Бола ўз фикрини равон ифодалай олиши учун кўпроқ мулоқотда бўлиши керак. Ҳар қандай шароитда ҳам нутқи ривожланаётган фарзандингиз билан ҳар куни 15-20 дақиқа суҳбатлашиб, ундаги ҳаракатни рағбатлантиришга, тасаввуридаги шаклни сўзда ифодалай олиш кўникмасини ривожлантиришга ўрганинг.
Тинглашга ўргатиш. Бировларни эшита олиш, аввало, ҳурмат бўлса, иккинчидан – маълумот олишнинг энг осон йўлидир. Нутқни ривожлантириш давомида фарзандингизга сизни диққат билан тинглашга бўлган мойиллигини оширинг. Бунинг учун олдин болани диққат билан эшитиб, кейин ҳар бир сўзга урғу бериб, фикрни оҳангдор талаффуз қилинг. Айниқса, эртаклар орқали қизиқтириб, болани суҳбатдошни диққат билан тинглаш кўникмасини ошириш мумкин.
Яратувчанликка ўргатиш. Бу бошқача фикрлаш қобилияти дегани. Бир вақтнинг ўзида бирор масала ечимини турлича йўллар орқали излаш мумкин. Замонавий тилда бу уч ўлчамли фикрлаш дейилади. Бола онгида бундай идрокни шакллантиришнинг энг осон йўли – уни санъат билан ошни қилишдир. Сурат чизиш ва қўшиқ куйлаш болага ўзини кашф қилиш учун берилган имкондир.
Рағбатлантириш. Бу яхши амалларнинг мукофоти ва гўдакда уларни яна такрорлаш иштиёқини уйғотишдир. Бу муайян жамоа етакчиси бўлиши мумкин бўлган болангизнинг муҳим фазилатига айлансин: уни бағрикенг ва қўли очиқ қилиб тарбиялаш мақсадга мувофиқ. Оддий эътибор, мақтов, ишонч билдириш ёки болага ёқадиган масканларга саёҳат ҳам рағбатнинг кўринишларидир.
Ҳиссиётни назорат қилиш. Бола онги – кўзгу. Унга бақирсангиз, у ҳам бақироқ бўлади, мулойим муомала эа унинг ширинсўзлигининг кафолати. Тарбия жараёнидаги сизнинг ҳиссиётларингиз устидан назоратингиз болада ҳам шу феъл-атворнинг шаклланишида муҳим омил. Зеро, бошлиқ жаҳл ва ақл ўртасида мувозанатни тенг ушлаб турган дорбоз, аслида! Фарзандга муомала қилаётганда ҳар бир фикрни босиқлик билан тушунтиринг. У қилган нотўғри ҳаракат учун асабийлашиш шарт эмас, унга бу ҳаракат оқибатини изоҳлаб беринг.
Ишонч билдириш. «Шахсият ва ижтимоий руҳият» журнали ўтказган тадқиқот натижалари шуни кўрсатмоқдаки, раҳбар шахслар ўртасида оммавий тарқалган камчилик, бу – ўзига нисбатан ишончнинг пастлиги экан.
Болага ишонч билдиринг. Кўпчилик ота-оналарнинг катта хатоси – улғайиб қолган фарзандига бирор ишни ишониб топширмаслигида. Натижада фарзанд катта бўлганида бошқаларга шубҳа билан қарайдиган бўлиб қолади. Вазиятдан келиб чиқиб, фарзандингизга болалигидан мустақил ишни ишониш унинг ўзига бўлган ишончни оширади. Кейинчалик эса бу одати бутун жамоанинг ишончини қозонишига хизмат қилади.
Тўғрисўзликка ўргатиш. Бола айб иш қилса, уни кечиринг. Акс ҳолда, у сизни жазолашиздан қўрқиб, ёлғон гапиришга ўрганади. Болаларнинг тили ва дили ўртасидаги бир хилликни ривожлантириш учун тўғрисўзликка ўргатинг. Бўлажак раҳбарнинг бу сифати келажакда унинг ҳалол инсон бўлишини таъминлайди.
Меҳнатга ўргатиш. Раҳбар бўлиш учун меҳнат қилиш керак. Ҳар нарсага осон ечим қидирадиган боладан раҳбарнинг чиқиши қийин. Болалар табиатан фаол бўлишади. Бу фаолликни фойдали ишга йўналтиринг. Болага уй ишларини буюринг. Боладаги меҳнат қилиш кўникмаси вақтдан унумли фойдаланиш учун асосдир.
Вақтдан унумли фойдаланиш. Раҳбарларнинг бош рақиби вақтдир. Ютуқ – бу улгуриш дегани. Улгуриш учун тартибли бўлиш керак. Гўдак ҳаётига турли-туманликни олиб кириш ҳамда уларни кетма-кет, тартиб билан амалга ошириш муҳим омил. Мисол учун, ўзи тенги болалар билан ўйнаш, уй ўйинлари билан машғул бўлиш, ким биландир суҳбат. Ҳаммасига улгура олиш, аввало, тартиб ва меъёрга боғлиқ. Бу меъёр бора-бора болада вақтни тўғри тақсимлаш кўникмасини юзага чиқаради.
Болани бўш вақтдиа кўпроқ китоб мутолааси билан банд қилинг. Бу уни кўпроқ фикрлашга ундайди. Билим ва чуқур таҳлил ишончнинг икки қиррасидир.
Имкон беришга ўргатиш. Фарзандингизга имконият беришга одатланинг. Баъзида унинг муваффақиятсизлигига кўз юминг-да, тиришқоқлигидан қувонинг. Бола ҳам бу хусусиятни қадрлайдиган бўлади. Қолаверса, ходимлар ҳам берилган имкониятни яхши кўришади. Бу фазилатга эга бошлиққа самимий муносабатда бўлишади.
Камтаринликка ўргатиш. “Камтарга камол” деб беҳудага айтишмаган. Зеро, манман одамни раҳбар қилиш кимнинг ҳам хаёлига келар эди. Шу боис, болани бошқалар, айниқса ундан кучсизроқ бўлган бола билан солиштирманг, уни олдида бошқаларни камситманг. Болангиздаги қизғанчиқликнинг олдини олинг. Мисол учун, ўз ўйинчоқларини бошқа болалар билан баҳам кўриши ва бундан қувониши унда одамларга ҳурмат туйғусини уйғотади.
Ҳазил-мутойиба ва ижобийлик. Ҳажв ва кулги инсон танасида ҳам жамоавий муҳитда ҳам ижобийликни юзага келтиради. Ижобийлик эса, шубҳасиз, омад дегани. Бошлиқнинг вақти-вақти билан қиладиган ҳазил-мутойибаси ходимлар учун қўшимча ва сермаҳсул қувват манбаидир. Болангиздан ҳадеб айб топманг. Унинг ҳаракатларида яхшилик аломатини кўринг ва буни қўллаб-қувватлаб уни ижобий феъл-атворли одамга айлантиринг. Болангизда бу фазилатларни ривожлантириш учун ўз тенгдошлари билан кўпроқ мулоқотда бўлиш имкониятини беринг.
Унутманг, фарзандингизнинг бошлиқ бўлиши сизга боғлиқ! Йўлбошчи учун чирой ёки қадди-қомат эмас, инсоний фазилатлар муҳим. Балки, сиз ўзингиз аллақачон бошлиқдирсиз. Лекин уйда, аввало, ота ёки она бўлишга ҳаракат қилинг.