Боғчага кетишда болалар қўлингизга маҳкам ёпишиб бақирмаслиги, жазавага тушмаслиги учун руҳшунослар ва бундай даврни бошларидан кечирган тажрибали ота-оналарнинг маслаҳатларини ўқишни таклиф қиламиз.
1-қоида. Олдиндан тўғри режимга ўтинг
Фарзандингиз гангиб қолмаслиги учун, сиз уни олдиндан эртароқ ётиш ва эртароқ туришга ўргатишингиз керак. Агар у кундузи ухламасликка одатланган бўлса, сиз болага «осойишталик соати» тўғрисида тушунтиринг.
2-қоида. Боғчанинг ижобий ва салбий томонлари ҳақида айтиб беринг
Боғча ҳақида болага тўғрисини — у ерда ўйинчоқлар ҳам, болалар ҳам кўплигини, бу масалада айрим қийинчиликлар туғилишини айтинг. Ва кимдир уни хафа қилса, осойишталик соатида ҳожатхонага чиққиси келса ва бошқа муаммолар чиқса нима қилиш кераклигини тушунтиринг.
3-қоида. Болани ўз вақтида олинг
Бола боғчага бора бошлагандан кейин уни ҳар доим ўз вақтида олишга ҳаракат қилинг. Агар сиз болани олишга кечикиб борсангиз, у ўзини ташлаб кетилгандек ҳис қилиши мумкин. Чунки бу ҳиссиёт болалар учун энг қўрқинчлиси ҳисобланади.
4-қоида. Тарбиячи билан танишинг
Агар сиз тарбиячи билан олдиндан танишсангиз ўзингизга ҳам, фарзандингизга ҳам осонроқ бўлади. Бу аёл сизнинг эркатойингизга қараб туришини, уни овқатлантириши ва кийинтиришини эсингиздан чиқарманг.
5-қоида. Койиманг, аксинча, мақтанг
Кечқурун боғчадан кейин қилган ортиқча инжиқликлари ёки тўполончилиги учун болаларни койиманг. Уларни дадиллиги ва жасурлиги учун мақтанг, боғчада нима воқеалар бўлгани ҳақида тез-тез суриштириб туринг ва умуман — вақтингизни кўпроқ бирга ўтказинг!
Манба: Daryo.uz