Биз бола туғилганидан кейин уйда тартибсизлик ҳукм суришига ўрганиб қоламиз. Кўп оналар боласи фақат буюмларни сочиб, ҳамма жойни тўзғитиши мумкин деб ҳисоблайди. Аслида эса бундай эмас. Болани дастёр қилиб тарбиялаш ўз қўлларингизда. Бунда қуйидаги тавсиялар сизга қўл келишига ишончимиз комил.
- Юмушларни биргаликда бажаринг
Нима биландир банд вақтингизда болани қувиб солманг, яхшиси уни ҳам юмушга жалб қилинг. Уй ишлари ва бола билан мулоқотни бирлаштиринг. У сизга идиш ювиш машинасидан идишларни чиқаришда, салат учун кўкатларни майдалашда (қўли билан), сабзавотларни идишга солишда ёрдамлашсин.
- Ютуқлари учун мақтанг
Болани ютуқлари ва уринишлари учун мақтанг, шунда фарзандингиз бу хатти-ҳаракатларни келажакда ҳам жон-дили билан такрорлайди. Унга сизга ёрдамлашиш ёқиб тушади.
- Феъл-атворини эътиборга олинг
Фарзандингизга айниқса хуш ёқадиган юмушларни ўзингиз учун билиб олинг ва унга айнан ўша ишларни ишониб топширинг.
- Юмушни ўйинга айлантиринг
Зерикарли уй ишларини ўйинга айлантиришга урининг. Масалан, ўйинчоқларни йиғиштириш бўйича эстафета, сеҳрли чангни артиш ва ҳоказо. Кўп нарсаларни ўйлаб топиш мумкин.
- Ёрдамни унга ҳақиқатан ҳам эҳтиёж сезган вақтингизда сўранг
Болани нима биландир банд қилиш ёки шўхликлардан тийиш учунгина ишга жалб қилманг.
- Юмушни бекам-у кўст бажаришини кутманг
Берган вазифангиз камчиликлар билан бажарилган бўлса, койиманг. У уйни йиғиштирганидан кейин, атроф баттар тўзғиб кетган бўлса ҳам, болани уринишлари учун мақтанг. Бошида кўп ишларни қайта бажаришингизга тўғри келади, бироқ бу болани ёрдамчи қилиб тарбиялашдаги бошланғич ва муҳим босқичдир.
- Кўпроқ эркинлик беринг
Бола бажараётган юмушларга аралашманг, тезлаштирмоқчи бўлманг, койиманг. Сабр қилиб, бола ишни тугатишини кутинг, шунда ундаги хоҳиш сўнмайди.
- Уй ишларини жазо сифатида қўлламанг
Бола уй юмушларини бажариш — жазо деб ўйламаслиги керак. Акс ҳолда унда уй ишларига нисбатан салбий муносабат юзага келади.