Биласизми?

Болани неча ёшда спорт тўгарагига бериш мумкин?

Кўпчилик ота-оналар бола спорт билан шуғулланишни қанчалик эрта бошласа, муваффақиятларга шунчалик осон эришади, деб ўйлайди. Шу туфайли фарзандларини 2,5 ёшлигидаёқ гимнастикага ёки 3 ёшлигидаёқ теннисга бермоқчи бўлади. Бунчалик эрта ёшда кўп машқ қилиш болалар учун хавфли эмасми?

Мутахассис шифокор бу борада баъзи тавсияларини бериб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, уч яшар болани спортнинг қандайдир жиддий турига бериш керак эмас. Умуман, масалан, уч ёшли болани дзюдо тўгарагига берсангиз, у ерда унга жанг асосларини ўргатишмайди, балки уни умумий жисмоний тайёргарликка йўналтиришади. Жисмоний тайёргарлик эса ҳар қандай ёшдаги бола учун ортиқчалик қилмайди.

Болани ўзининг ёшига мос спорт турига бериш лозим. Бундан ташқари, спорт туридан қатъий назар, бола спорт шифокори назоратидан ўтиш керак, бусиз спорт болага зиён етказиши мумкин.

Баъзи касалликларда катта спорт бола учун тақиқ остида бўлади. Масалан, қандли диабетга чалинган болаларга фақат даволаш жисмоний тарбияси рухсат этилади. Бу юрак фаолияти издан чиққан бемор болаларга ҳам тегишлидир.

Бундан ташқари, кўриш қобилияти паст бўлган болаларга хоккей, футбол, баскетбол, волейбол, шунингдек зарбли ва контактли яккакураш турлари тавсия этилмайди. Бола сурункали тонзиллит, синусит, гайморит, нафас йўллари касалликлари билан оғриган бўлса, спортнинг «совуқ» турлари — чанғи, коньки, сузиш билан шуғулланиш тақиқланади. Умуртқа поғонасида муаммолар бўлган болаларга енгил атлетика, теннис, бадминтон ва велосипед спорти билан шуғулланиш маслаҳат берилмайди.

Хўш, болани қайси ёшда қандай спорт турига қатнаштириш мумкин?

2—3 ёшдасузиш

Жисмоний юкка сувда бардош бериш осон, бундай ёшда эса организмни қийнаб юбориш керак эмас.

4 ёшда: спорт рақслари, ушу; гимнастика

Спорт рақслари болани қайишқоқ қилади ва бошқа спорт турларини бошлаш учун яхши асос ҳозирлайди. Гимнастикада эса болалар ўз ҳаракатларини уйғунлаштиришни ўрганади.

4—5 ёшда: чанғи, фигурали учиш

Чанғи спорти оёқ, қорин, бел мушакларини мустаҳкамлаб, болани абжир қилади.

5 ёшда: карате

Карате машғулотларида болалар диққатни жамлаш, ўз энергиясини зарур оқимга йўналтиришга ўрганади.

6—7 ёшда: хоккей

Агар бола озғин ва заифроқ бўлса, уни спортнинг бу турига сал кечроқ берган маъқул, чунки бу спортда тақиладиган анжомлар анча оғирдир. Хоккей билан шуғулланишни бошлагач эса, у кучли ва бардошли бўлади.

7 ёшда: бадминтон

Бу ёшда болани теннисга бериш ярамайди. Аввал бадминтон билан шуғулланса, унинг бели қотади. Тезкорлиги ва тезлиги ошади. Бир йилдан сўнг эса теннисни бошласа бўлади.

Манба: Daryo.uz