Кўпинча ёш оналар фарзандлари қизғанчиқ эканлиги, ўйинчоқлари билан бўлишишни истамаслиги ва билмаслигини айтади. Ҳақиқатан ҳам, 1 ёшдан 3,5 ёшгача бўлган даврда бола ўз нарсаларини бошқага беришга тайёр бўлмайди. Чунки бу пайтда бола ҳар бир буюмнинг ўз эгаси борлигини ва фақат угина уни ишлатиши мумкинлигини тушуна бошлайди.
Шунга қарамай, болаларни сахийликка ўргатиш мумкин. Аммо, таъкидлаш жоиз, бунда болани ўз нарсасини бўлишишга мажбурлаш эмас, унда бунга хоҳиш пайдо қила олиш муҳим.
Ўйинчоқлари билан бўлишишни таклиф қилинг
Болалар ўйинчоқни талашаётган вақтда эмас, бирга ўйнаётган пайтда бундай таклифни киритинг. Бунинг устига, болага бўлишиш — буюмни бутунлай бериб юбориш дегани эмаслигини тушунтирсангиз, унга ўз нарсалари билан бўлишиш осонлашади.
Сахийликни ифодаловчи гапларни ўргатинг
Кўпинча боладан бўлишишни сўрасангиз, у нима дейишни ва буни қандай айтишни билмайди. “Ўғлим, ўртоғингга — Мана бу машинани олиб ўйна, кейинроқ қайтариб берасан, деб айт”, — десангиз, бу нормал ҳолат.
Болани тақсимлаш жараёнига тортинг
Ўйнаш, овқатланиш ёки дўкон айланиш вақтида болаларга буюмлар ёки егуликларни адолатли тарзда, ҳалоллик билан тақсимлашда ёрдам беринг.
Ўз нарсаси билан бўлишган бола қандай устунликларга эга бўлишини айтиб беринг
Булар, масалан, бировнинг ўйинчоғини ўйнаш имконияти, болаларнинг унга хайрихоҳ бўлиши ва ўйинларга жон-дили билан таклиф қилиши ва ҳоказо.
Боланинг шахсий буюмларини ҳурмат қилинг
Унинг буюмларини олишдан аввал албатта рухсат сўранг, сўнг миннатдорлик билдиринг. Шу тариқа бола ўзининг ва бировнинг нарсасини ҳурмат қилишни ўрганади.
Сахийлик кўрсатганида ва бўлишиш истагини билдирганида, мақтанг
Боланинг нима қилгани ва у қандай натижаларга олиб келганини албатта тушунтиринг, масалан, “Сен вертолётингни берганинг учун, ўртоғинг хурсанд бўлди”, “Ўртоғинг энди сенга коптогини беради”.
Фарзандингизнинг рад жавобини хотиржамлик билан қабул қилишга ўрганинг
Боланинг ўз нарсаларини бировга бермасликка ҳаққи бор. Сиз бунга нормал тарзда ёндашаётганингизни кўргач, унда ушбу буюм унга тегишли эканлигини барчага исботлаб ўтириш учун эҳтиёж қолмайди.
Сахийликда ўзингиз намуна кўрсатинг
Дугоналарингиз, бошқа болалар ва қариндошларингиз билан ўз буюмларингизни бўлишинг, токи буни болангиз кўриб, сиздан ўрнак олсин.
Эртак ва мультфильмлардан сахийлик белгиларини қидиринг
Эртак ўқиб бераётганда ёки бирга мультфильм кўраётганда, қаҳрамонларнинг сахий хатти-ҳаракатларига ва улар қандай натижаларга олиб келганига эътибор қаратинг.