Тарбия

Болани тарбиялашда тақиқланган 4 та усул

Болани тарбиялашда аниқ қоидалар бўлиши мумкин эмас, ахир ҳар битта бола ўзига хос бўлиб, нозик педагогик ёндашувни талаб қилади. Аммо кенг тарқалган шундай тарбия усуллари мавжудки, улар болага фақат зарар келтиради. “Deti.mail.ru” ана шундай усулларни санаб ўтди.

Болани камситиш

Ўсиб келаётган шахс руҳияти бошқа одамлар, аввало, яқин кишилар билан ҳамкорлик шароитидагина шаклланади. Болага онаси, отаси ва бошқа яқин кишилари қандай муносабатда бўлишига қараб, у ўзини ҳимояланган ёки аксинча ҳис қилади.

Болани шафқатсиз жазолар, жумладан, жисмоний жазо ёки ундан устунлигингизни қўпол равишда намойиш қилиш орқали камситманг. Шунингдек, болани хафа қиладиган сўзлар билан аташ, гапини бўлиш, айбини юзига солиш ва ҳоказолар умуман мумкин эмас. Айниқса, бошқа одамлар олдида камситилган боланинг юрагида янада чуқур яралар қолади.

Тажовузга тажовуз билан жавоб қайтариш

3—4 ёшда бола ўзининг қониқмаганлиги, хавотири, қайғусини қай тарзда ифода этишни билмайди ва уларни баъзан ёнидаги кишига тўкиб-сочади. Бунда шафқатсизлик белгилари ҳали йўқ, аммо унда тажовуз (агрессия) юзага келиши хавфи мавжуд. Бу содир бўлмаслиги учун ота-она болага тажовузкор  бўлмаган хулқни намойиш этиши керак — юзага келган низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш, болани хотиржамлик ва меҳр билан “ўраб олиш” керак. Агар ота-она тажовузга тажовуз билан жавоб қайтарса, бола ўрнак олиш учун бошқа ҳеч кимни кўрмайди ва унинг мойиллиги ошиб боради.

Дўқ-пўписа қилиш (шантаж)

Биринчидан, гапингизни болага ўтказишнинг бундай усули сизнинг заифлигингиздан ва обрўйингиз йўқлигидан дарак беради, бола эртами, кечми буни тушуниб, хулоса чиқариб олади. Иккинчидан, бу ота-она ва бола ўртасидаги ҳамфикрлик ва ҳиссий алоқага путур етказишнинг энг ишончли йўли.

Агар фарзандингиз ғамхўр, тушунадиган ва одамлар ҳақида ўз фикрига эга бўлган шахс сифатида улғайишини истасангиз, у билан мулоқотда ушбу хусусиятларни намоён қилинг. Дўқ-пўписа ва тақиқлар ёрдамида фақат вақтинчалик натижага эришиш, болада эса “ҳиссий карлик”ни юзага келтириш мумкин.

Алдаш

Баъзан ота-оналар “педагогик мақсадда” болани бир-икки марта алдаш — қўрқинчли эмас, деб ўйлайди.

Болалар ғоятда зўр интуицияга эга бўлиб, маълум ёшдан бошлаб ота-онанинг носамимийлигини жуда яхши ҳис қилади. Агар улар ота-она ёлғон гапираётганини сезиб қолса, уларнинг обрўси бола кўз ўнгида ер билан яксон бўлади. Боз устига, бу ҳолда боланинг ўзидан рост гапиришни талаб қилиш ғалати бўлиб қолмайдими?

Ишонч лаҳзалик педагогик усулга алмаштириш учун жуда қимматлик қилади, бунинг устига, ишончсиз дўстликни яратиб бўлмайди. Агар фарзандларингиз билан дўстлашишни истасангиз, уларга рост гапиринг.