Ҳозирги вақтда болаларнинг телевизор ва компьютер, қолаверса, турли гаджетларга жуда берилиб кетганлигини тез-тез таъкидлаймиз. Фарзандларингиз телевизор орқали фақат фойдали кўрсатувларни томоша қилаётганлиги ва унга ҳаддан ортиқ узоқ тикилиб ўтиргандан уларнинг соғлиғига зарар етмаётганлигига ишончингиз комилми?
Қуйида болаларни телевизордан чалғитишга ёрдам берувчи 10 та қизиқарли машғулотни эътиборингизга ҳавола этамиз.
- Эски суратларни томоша қилиш
Суратлар жойланган эски албомларни чиқаринг. Болаларга ота-онаси, бобо-бувисининг кичиклигини томоша қилиш қизиқарли бўлади.
- Кичик саёҳатлар ташкил этиш
Оилавий тўпланиб, кичикроқ саёҳатларга чиқинг. Буни олдиндан режалаштириш шарт эмас, барчаси кутилмаганда бўлса янада яхши. Ҳар бирингиз навбат билан саёҳат йўналишини белгиланг. Шунда бироз вақтдан сўнг, кутилмаган нотаниш жойда ҳозир бўласиз. Болаларга сирли жойлар жуда маъқул келади.
- Мини-боғ яратинг
Дераза токчасида кичкина томорқа яратинг. Тувакка пиёз экинг ёки кашнич, петрушка ва бошқа уруғларни қаданг. Уларни суғориб, парвариш қилинг. Қандай қилиб ниҳол униб чиқаётганлигини кузатинг. Фарзандингиз ушбу агрономлар байрамида катта завқ билан иштирок этади.
- Пикниклар ташкил қилинг
Агар об-ҳаво қулай бўлса, табиат қўйнида чодирлар ўрнатиб, гулхан ташкил қилинг. Қишнинг совуқ кунларида бундай пикникни уйда ташкил қилинг. Стуллар ва чойшаб ёрдамида яланглик яратинг. Боланинг бундан боши кўкка етади.
- Меҳмонга боринг
Буви, хола ёки дўстингизникига меҳмонга боринг. Агар уларнинг уйида ҳам болалар бўлса, бу айни муддао бўлади.
- Келажакка хат ёзинг
Фарзандингиз билан келажакда очишга мўлжалланган мактуб ёзинг. Унга турли расмларни чизиш ёки оилавий суратларни ҳам мустаҳкамлаш мумкин. Келажакда ўзига нимани ҳикоя қилишни боланинг ўзи танласин. Хатни бутилкага солиб, уни герметик маҳкамланг. Устига эса у очиладиган санани кўрсатинг. Кўп йиллардан сўнг, бу мактуб кутилмаган, бироқ ёқимли совғага айланади.
- Кичкина ошпаз
Яқинларингиз учун пишириқ тайёрлашга ҳаракат қилинг! Уларни безатиш жараёни бола учун жуда мароқли эканлигини унутманг. Пишириқларни безатишда фантазиянгизни ишга солинг.
- Совун пуфакчалари
Бундай пуфакчаларни уйда шампун ва сув ёрдамида ҳам тайёрлаш мумкин. Коктейл ичиш учун мўлжалланган найча ёрдамида уни пуфланг. Пуфакчалар ҳосил қилиб, уларни ёриш ёки ким каттароқ пуфак ҳосил қилиш бўйича мусобақалашиш мумкин.
- Кераксиз буюмларни муҳтожларга ҳадя қилинг
Фарзандингиз ортиқ киймайдиган кийимлар ёки ўйнамай қўйган ўйинчоқларни ажратиб, уларни болалар уйига ёки бошқа муҳтожларга тарқатинг. Эзгу ишни бажариш орқали завқланинг.
- Уй йиғиштириш
Уйни тартибга келтириш жараёнини ҳам қизиқарли ўйинга айлантириш мумкин. Агар бола ҳали кичикроқ бўлса, унга латта бериб, чангларни артиш ёки ўйинчоқларни тозалашни топшириш мумкин. Каттароқ бола учун эса бу жараённи мусобақага айлантиринг.
Телевизор болани машғул қилишнинг ягона йўли эмаслигини синаб кўринг.
Мақолани тайёрлашда интернет манбаларидан фойдаланилди.