Маълумки, ўз вақтида болаларимизни тиш шифокорига кўрсатиш, тишларининг соғлом бўлишини ва тўғри ўсишини таъминлайди. Лекин кўпчилик ота-оналар ва болажонлар стоматологга боришни унча ҳушлашмайди. Тиббиёт креслосида суяниб жим ўтириш сўралган вақтда, лампанинг ўткир нурлари болажонларнинг кўзчаларига тушиб, шифокорнинг “жажжи оғизчаларингизни очинг” деган заҳотиёқ энг босиқ ва вазмин болалар ҳам қўрқишни бошлашади.
Тўрт ёшли ўғлимни тишларини биринчи марта тиш шифокори кўригига олиб борганимда, у хурсанд бўлиб тиббиёт креслосига чиқиб, оғизларини катта очди. Ўғлим то шифокор креслони ўзига қулай қилиб тўғрилагунча анча хотиржам эди. Кресло қимирлаши билан ўғлим типирчилай бошлади ва йиғлаб юборди. Бу ҳам камлик қилгандек укасидан аввал кўрикдан анча хотиржам ва кўз ёшисиз ўтган 6 ёшли қизим унга қараб “укамга тегманг! уни тинч қўйинг!” дея йиғлаб бақира бошлади. Қизимнинг бу ҳаракати ўғлимга таъсир қилиб, баттар жазавага тушди. Бир амаллаб кўрикни ўтказдик. Шифокор ўғлимнинг битта жағ тишида муаммо борлигини аниқлади ва уч кундан сўнг яна келишимизни айтиб навбатга ёзиб қўйди. Бу ердан чиқа туриб, “кейинги сафар ўғлимни қандай қилиб олиб келарканман, аҳир оддий тиш кўригида шунча йиғи-сиғи бўлса” дея ўйга толдим.
Олдинда уч кун бор. Кейинги “жиддий кўрикдан” боламни қандай қилиб тинч ва кўз ёшисиз ўтказиш бўйича интернет ва таниш мутахассислардан олган маслаҳатлар асосида стратегия туза бошладим. Қуйида тайёр бўлган стратегиямни сизлар билан ўртоқлашмоқчиман. Балки сизга ҳам нафи тегиб қолар:
- Болангизни фақат болалар тиш шифокорига олиб боринг. Балки сиз ўз тишларингизни даволайдиган мутахассисга ишонарсиз, аммо, айнан болалар тиш шифокорлари болалар ва ўсимирлар билан муомала қилишда ҳамда муносабатга киришишда анча тажрибали бўлишади. Ундан ташқари уларнинг тиббиёт хоналари болаларбоп дизайнда бўлади. Ҳаттоки, уларнинг баъзиларида кичкина болажонларимиз учун мўлжалланган, кўрик пайтида кўзларига чироқнинг ўткир нурларидан ҳимоя қилувчи кўзойнаклар ёки кичкинтойни эътиборини тортувчи ва асабийлашишини олдини олишга кўмак берадиган турли ўйинчоқлар мавжуд бўлади.
- Болангизда тиш муаммоси бошланишидан олдинроқ шифокорга қатнашни бошланг. Мутахассисларнинг айтишича болангизда тишлар чиқа бошлаганда ёки бир ёшга тўлган пайтда тиш докторга кўрсатиш кейинги ташрифларни осонлаштирар экан. Болалардаги хавотирни камайтирадиган энг зўр йўл бу болангиздаги тиш муаммолари бошланишидан аввал шифокор билан таништиришдир. Эрта ёшдан ва мунтазам равишда доктор кўригига қатнашнинг икки ҳисса фойдаси бор экан: биринчиси, болангиз ёшлигида шифокорни тез-тез кўриб туриши туфайли уларга кўникади ва қўрқиш ҳисси анча пасаяди. Иккинчиси, албатта, боладаги тиш билан боғлиқ кассаликларни ўз вақтида олдини олишга эришасиз.
- Кўрик давомида болангизга яқинроқ бўлинг. Тишлар текширилаётганда боланинг ота ёки она қўлини ушлаши ва уларнинг қучоғида бўлиши фарзандларимизга катта далда бўлар экан. Креслода ёлғиз ўтиришдан кўра она қучоғида ўтириш боладаги қўрқув ва хавотирни бир мунча камайтиради.
- Кўрик пайтида кўп гапиришдан тийилинг. Тўғри, барча ота-оналар боласини тинчлантириш ва уни чалғитиш учун кўп гапиришга ҳаракат қилишади. Аммо, бу кутилган натижани бермайди. Шифокорга болангиз билан гаплашиш учун имкон яратинг. Бу уларнинг бир-бирини яхши тушунишлари ва илиқ муносабатни вужудга келишига ёрдам беради.
- Доим озингизнинг ишончли стоматологингиз хизматидан фойдаланишга одатланинг. Янги жой ёки янги одамлар олдида ўзини ноқулай ҳис қиладиган болалар учун доимий равишда фақат битта яхши мутахассис кўригига бориш анча самара беради. Чунки, бир неча кўриклардан сўнг болангиз ва шифокор ўртасида яхши муносабатлар шаклланган бўлади.
- Ўзингиздаги тиш билан боғлиқ ёмон хотираларни унутинг. Агар сиз тиш докторидан қўрқсангиз, сиздаги қўрқув болангизга ҳам ўтар экан. Шунинг учун ҳам сиз ўзингиздаги қўрқувни кўрик пайтида болангизга сездирманг.
- Фарзандингизга тиш кўриги билан боғлиқ қўрқинчли ҳикояларни айтиб беришларига йўл қўйманг. Чунки бу “ҳикоялар” шубҳасиз болада қўрқув ва хавотирни уйғотади.
- Яна бир энг муҳим жиҳат шундан иборатки Стоматолог кўригига борганда бир маротабалик ишлатиладиган асбоб-ускуналарни дорихонадан сотиб олинг. Агар бунинг имкони бўлмаса шифокор анжомлари қачон ва қандай стериллангани ҳақида сўрашни унутманг. Иложи бўлса уларни кўздан кечиринг. Ҳавфли юқумли касалликларнинг аксарияти айнан стоматология хизматидан фойдаланиш жараёнида юқиш эҳтимоли юқори эканлигини алсо унутманг!