Чақалоқнинг кўкрак эмишдан бош тортиши онани қийнайдиган энг катта муаммо десак муболаға бўлмайди. Боланинг кўкракдан бош тортишига доимо бир сабаб бўлади, ана шу сабабни билиш муаммони ечимига олиб келади.
Бола кўкракдан бош тортаётганида амалий ёрдам.
1. Бола ҳақиқатдан кўкрак сутидан бош тортаяптимикан?
Баъзи чақалоқлар бир даврга келиб онани камроқ эма бошлайдилар. Баъзилар фақат бир томон кўкракни хуш кўриб қоладилар. Кўпчилик чақалоқлар олдинги эмишдан сўнг кўп вақт ўтмагани сабабли қорни тўқ бўлгани учун яқин соатда эмишдан бош тортиши мумкин. Ёки икки ой бўлгач, соатлаб эмиб ётган бола бир неча дақиқа давомида тез-тез эмиб туришга ўтиб олиши мумкин.
Шу каби ҳолатлар онани ранжитиши ҳеч гап эмас. Боланинг бир тартибда эмишига ўрганиб қолган она учун бу кўкракдан бош тортишдек туюлади. Аслида бу чақалоқ одатларининг ўзгаришидир, холос. Уларга мослашиш керак бўлади.
2. Кўкрак сутга тўлиб кетаётган бўлса?
Шундай давр келадики, бола уйқуда кўп бўлиб ёки узоқ вақт давомида эммай юрса, онанинг кўкраги сутга тўлиб кетади. Одатда кўкрак сути боланинг эҳтиёжига муносиб равишда келади. Агар кўкрак сути ҳаддан зиёд кўп келиб, кўкракка оғриқ бераётган бўлса, у ҳолда ортиқча сутни соғиб ташлаш лозим. Соғилган сутни тўғри сақлаб кейинчалик боланинг ўзига берса бўлади, кўкракни эса оғриқ, мастит каби нохуш ҳолатлардан асраб қоласиз.
3. Болани талабига қараб эмизиш.
Болани эмишга эҳтиёжи бўлганидагина эмизиш лозим. Агар бола бирон жадвал, вақт-соатга қараб эмизилса, унинг организми бу тартибга ўргана олмайди. Натижада у кўкракдан бош торта бошлайди. Масалан, баъзи чақалоқлар кундуз куни эмишни яхши кўрсалар, баъзилари туни билан онасини эмиб чиқишни хушлайдилар. Шу йўл билан улар ўзининг сутга бўлган 24 соатлик эҳтиёжини қоплайдилар. Бола онанинг тартибига эмас, она боланинг тартибига мослашиши лозим.
Она кўкракни вақти-бемаҳал эмас, айнан бола хоҳлаганида унга тутқазиши керак. Бола ҳар эмганида қанча эмиши муҳим эмас, унинг жисмоний кўрсаткичларининг керакли даражада ортиб бориши сут етарли эканлигидан далолат беради.
4. Шошмаяпсизми?
Болада эмиш ижобий таасуротларни уйғотиши керак. Болани эмизаётганингизда унга қараб, уни эркалаб, ширин сўзлар гапириб, бирон жойга шошмаган ҳолда эмизиш муҳим.
Агар бола кўкракдан бирон сабаб туфайли бош торта бошласа, уни ялонғоч қилиб, терини ўзингизнинг терингизга текказиб узоқ вақт қучоқлаб юринг. Тери терига тегиши болада эмиш инстинктларини уйғотиб юборади ва уни яна эмишга ундайди.
5. Сут келиши ҳажми ўзгариши.
Янги оналарда чақалоқнинг илк 2 ойида сут жуда кўп келади. Чақалоқлар бу даврда қийналмай, кучанмай эмишга ўрганиб қоладилар. Икки ойлар ўтгач она организмидаги гормонал ўзгаришлар натижасида сут ҳажми маълум бир қисқа муддатга камайиб қолиши мумкин. Шунда чақалоқ сут ҳажми ва оқими пасайганлиги туфайли эмишда қийналади ва кўкракдан бош торта бошлайди.
Шундай ҳолат юз берганда болага бошқа кўкракни галма-галдан тутқазиб кўринг. Эмаётганида кўкрагингизнинг юқори қисмини кафтингиз билан сут келтириш мақсадида аста эзиб-эзиб туринг. Бу жараён болага қўшимча сут келишини таъминлайди. Эслатиб ўтамиз, сут бирдан камайиб қолиш даври бир неча кунда ўтиб кетади ва боланинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда яна керакли ҳолига қайтади.
Муҳими, шу кичик даврда болани кўкракдан ажратишга шошилиб, сунъий овқатланишга ўтиб юбормаслик лозим.
6. Алақсиш.
Уч ойлардан сўнг болада атроф-муҳитга бўлган эътибори аста-секин ошиб боради. Шунда эмаётган пайти у ён-атрофга алақсирайверади ва кўкракдан бош тортади. Қорни оч бўлса ҳам, унинг қизиқувчанлиги эмишга йўл қўймайди. Шу каби ҳолатларда болани қоронғуликда, уйқуга кетиш ёки уйқудан туриш пайти эмизиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Онанинг бўйнида бола кўзига ёқимли тақинчоқ уни диққатини ушлаб тиниқиб эмишига ундайди.
7. Бутилкага ўрганиб қолмадими?
Болага қўшимча тарзда бутилкадан сут ичираётган бўлсангиз, у ҳолда у кўкрак сутидан чиқиб кетиши осон бўлади. Чунки кўкракдан фарқли ўлароқ бутилкадан сут тортиш болага жуда осон, айниқса соска тешиги катта бўлса.
Бутилкадан қўшимча эмизиш шарт бўлса, у ҳолда ундан эмаётганида болани кўкракни эмган ҳолатида ушламанг ёки каравотда ётқазиб эмизинг. Кўкрак сутини эмганда эса у бағрингизга яқин бўлсин. Иложи бўлса, унинг тери терингизга тегиб турсин. Шунда у кўкракни бутилка билан алиштирмайди, чунки онанинг бағрида ётиш учун кўкракдан эмиши керак бўлади.
8. Эмизиш ҳолати.
Бола бирдан кўкракдан бош тортаётган бўлса, уни бошқа ҳолатда эмизиб кўринг. Баъзи чақалоқлар ўсган сари эмаётганида ҳолатини ўзгартиришни истайди.
9. Иссиқлик.
Жазирама иссиқ кунлари бола эмишни истамай қолади. Ёз кунлари ҳам уй ҳароратини 24-26 градус атрофида ушлаб туришга ҳаракат қилинг.
10. Қўшимча овқатлар.
Олти ойдан сўнг оналар шошиб-пишиб қўшимча овқат беришни ёки ундан ёмони болага катталарнинг овқатидан ялатишни бошлайдилар. Турли хил овқатларнинг бола ратсионига тезлик билан кириб келиши болани кўкрак сутидан бош тортишига сабабчи бўлади.
11. Тиш оғриғи.
Болада тиш чиқиши ҳам кўкрак сутидан бош тортишга сабабчи бўлиши мумкин. Оғзи оғриганидан қийналиб кетган бола эмгиси келмай қолади. Болалар учун махсус тиш қичитгичини музлатиб эмизишдан олдин болани оғзига бериб қўйинг. Музлаган қичитгич оғриқни бироз босади ва бола эмишга тайёр бўлади.
12. Ҳайз ва ҳомиладорлик.
Боланинг кўкракдан бош тортишига яна бир кичик сабаб бу онанинг гормонал ҳолатидир. Баъзи аёлларда ҳайз давомида ва ҳомиладорлик даврида кўкрак сути ҳажми ва ҳатто мазаси ҳам ўзгариб қолиши мумкин.
13. Онадан узоқ муддатга айри бўлиш.
Бирон сабаб туфайли она бола бир неча кун давомида бирга бўлмаса, бола кўкракдан бош тортадиган бўлиб қолиши мумкин. Бу ҳолатни енгиш учун терига-тери усулини қўллаш жуда самарали бўлади.
Тажрибали оналарнинг маслаҳат беришича, бола кўкракдан бош тортаётган бўлса, оғзига 2-3 томчи кўкрак сутини томизиш керак, у сутнинг мазасини ҳис этиб, кўкракни олишга интилади.
14. Кўкрак терининг мазаси.
Кўкракка бирон косметик восита сурилган ёки ундан восита иси таралаётган бўлса, болага ёқмаслиги мумкин. Кўкракдан фақат сут ҳиди ва мазаси келиши керак. Ҳатто денгизга шўнғиб чиқиб болага кўкракни тутқазса, у бош тортади. Чунки денгизнинг шўр суви кўкракни терисини бола учун ёқимсиз қилиб қўяди.
Энг муҳими, кўкракдан бош тортиш доим вақтинчалик ҳолат эканлигини унутмаслик керак. Она имкон қадар асабийлашмай, тинчланиб йўл тутса, тез орада ҳаммаси жойига тушади. Асабий онани бола умуман эма олмайди.
Манба: Uzbaby.Uz