Саломатлик

Боланинг мулоқот қила олмаслиги - АУТИЗМ

Бола нутқи ва тили ривожланишида боланинг тўғри эмоционал ривожланиши жуда катта аҳамият касб этади. Бола мулоқот қилишни хоҳлаши керак. Лекин мулоқотдан ўзини олиб қочадиган болалар учраб туради. Бунинг сабаби кўп ва турлича бўлиши мумкин.

Масалан, ёмон оила ва атроф-муҳит тарбияси, чўчиб кетиш билан боғлиқ психик шикаст, боланинг оиладан бирдан ажралиши, ёки касалхонага тушиб ёлғизланиб қолиши, дудуқланиш ва бошқалар.

Боланинг мулоқот қила олмаслиги АУТИЗМ деб аталади - бунда бола умуман "ўзига кириб кетиб", атрофдагилар билан алоқа қилмасликни истайди. Бу ҳолат болада психологик касаллик мавжудлигидан далолат беради. Бундай болалар муомала қилмайдилар, атроф-муҳитга ҳеч қандай қизиқиш билдирмайдилар, қўрқув кўрсаткичлари болада намоён бўлиб туради.

Аутизм болалари жисмонан битта ҳаракатни қайтариб юришни маъқул кўрадилар. Айримларида агрессия кузатилса, бошқалар эса аксинча жудаям пассивлиги, бефарқилиги билан ажралиб туради.

Болада кичиклигиданоқ аутизм аломатларини аниқлаш мумкин:

1. Бундай болалар катталар билан ҳар қандай алоқадан ўзларини олиб қочади, масалан, бошқа болалар сингари онасига ёпишмайди. 2. Кўзга тик қарай олмайди. 3. Кўз учи билан қараш одати кўп кузатилади. 4. Товушларга реакция қилмайди (буни кўпинча болада эшитиш қобилияти пасайиши билан адаштириш мумкин). 5. Бола мулоқот қилса ҳам табассум, кулги, мимика каби эмоция қилолмайди. 6. Бола уйқуси бузулган бўлади. 7. Бола суҳбат қилса ҳам, бошқа томонга қараб ҳеч ким билан гаплашмаётгандек ўзини тутади. 8. Бола доим нимадандир қўрқиб туради (оддий чироқ ҳам қаттиқ қўрқув сабачиси бўлиши мумкин). 9. Хатар нима эканлигини ҳам билмаслиги мумкин. Масалан, машина йўлига чопиб кетади, баланд жойларда сакраб ўзини отади. 10. Болада атроф билан мулоқот қилишга ичидаги кучли қаршилик йўл қўймайди. Бола доим илтимос, талаб ва ҳаракатларга қаршилик кўрсатгиси келади.

Кўпинча ота-оналар аутизм аломатларини англай олмай бола эркалик қиляпти, шохлик қиляпти, қулоқ солмаяпти деб болани куч билан тинчлантирмоқчи бўлади ёки болага қўйилган талабларни бажариш учун жазолаш усулларини ҳам қўллайди. Бундай муомала бола психикасига баттар таъсир кўрсатиб, боланинг психологик ҳолатини янада оғирлаштириб юборади.

Болада аутизм аломатларини сезсангиз, уни психиатрга кўрсатинг.