Ота-оналар доим фарзандининг энг ақлли, энг омадли ва умуман ҳамма нарсада биринчи бўлишини истайди. Фарзандининг баҳолари яхшироқ бўлиши учун уларга бир олам китоблар харид қилади. Бироқ баъзан улар билан бирга шуғулланиш учун ортиқча вақт топа олмайди. Аслида билағон болани шакллантиришнинг рецепти жуда оддий, бироқ у катталарнинг иштирокини талаб қилади. Чунки бу усул уйдан бошланади. Қуйида келтирилган кўникмалар ўйлаб чиқилмаган бўлиб, улар италиялик олимлар томонидан илмий исботланган назариядир.
- Албатта овоз чиқариб ўқиш зарур
Цинциннати шаҳри Болалар тиббиёт марказининг тадқиқотчилари овоз чиқариб ўқиш болалар миясининг ривожланишига таъсир қилишини амалда исботлади. Ўқиш жараёнида миянинг қулоқ орқали эшитиш, тасаввур қилиш ва нутқни тушуниш каби қисмлари ҳам иштирок этади. Бундан ташқари, болаликда овоз чиқариб ўқиш улғайганда ҳам яхшироқ ва кўпроқ китоб ўқишнинг гаровидир.
Болада китобларга нисбатан меҳр уйғотиш ва унинг тасаввур оламини ривожлантиришнинг энг оддий усули у билан бирга мутоала қилишдир.
- "Раҳмат" айтишни ўргатинг
Форбес журналида чоп этилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, оддийгина миннатдорлик билдириш кўплаб ижобий хислатларга эга экан. Биргина "Раҳмат" айтиш психологик ва жисмоний соғликни яхшилайди, тажовузкорликни пасайтириб, уйқуни мустаҳкамлайди, янги танишлар орттиришга хизмат қилади. Фарзандингизни ўзида бор нарсаларнинг қадрига етиш ва улар учун миннатдорлик билдиришга ўргатинг.
- Тасаввур оламини ривожлантиринг
Тель-Авив университетида 6—9 ёшли болалар иштирокида тажриба ўтказилди. Болаларга дастлаб ўзининг партасидан бутун коинотгача бўлган суратлар, сўнгра аксинча тартибдаги суратлар намойиш этилди. Шундан сўнг, ижодкорликни аниқловчи оддий тестдан ўтказилди.
Ўзининг кичкина дунёси қандай қилиб бутун Олам ҳажмигача кенгайиб бораётганлигини кўрган иштирокчилар, аксинча чексиз коинотнинг мактаб партасигача кичрайиб боришини кузатган болаларга қараганда яхшироқ натижа кўрсатган. "Ичкари"га эмас "ташқари"га қараб мулоҳаза қилиш бола фантазиясини шакллантиради, унга жисмларни турли нуқтаи назардан кўришга ёрдам беради. Болалар тасаввур олами чегара билмайди!
- Стол ўйинларини ўйнанг
Psychological Science тадқиқоти турли бошқотирмалар, кубиклар ва стол ўйинлари боланинг макон ва мантиқий фикрлашини ривожлантиришини кўрсатди. Фарзандингиз билан стол ўйинларини бирга ўйнаш учун кунига бир соат вақт ажратинг.
- Табиатга эътибор қаратинг
Journal of the Study of Religion, Nature and Culture болалар ва табиатнинг ўзаро боғланишини ўрганиб чиқиб, кўчада ҳатто оддий вақт ўтказиш ҳам болани руҳлантиришини аниқлади.
- Яхшилик қадрланишини кўрсатинг
Бир-бирига меҳрибонлик қилувчи болалар бошқаларга қараганда бахтлироқ бўлади ва тенгдошлари орасида ҳам кўпроқ қадрланади. Тенгдошлари томонидан тан олинганлик эса боланинг ўқиш жараёнидаги ўзлаштиришига ҳам тўғридан-тўғри таъсир қилади.
- Мулоқот қилинг
Бола мияси антиқа усулда шаклланади: у ён-атрофда бўлаётган ҳар бир ҳодисани ўзига ютиб олади, бола ташқи дунё билан ўзаро боғлиқликда гапиришни, эмаклашни ва юришни ўрганади. Бола сизнинг гапиришингизни тинглаб, гапиришни ўрганади. Кейинроқ сизнинг нутқингизга қараб, ўз нутқини шакллантиради. Бола билан мулоқот қилиш жуда муҳимлигини унутманг!
Мақолани тайёрлашда "Я Happy мама" сайти маълумотларидан фойдаланилди.