Чақалоқ

Чақалоқ билан қандай мулоқот қилиш керак?

Ҳар бир бола, ҳатто, энг кичиги ҳам, унга ва унинг келажагига алоқадор бўлган муҳим оилавий ҳодисалар ҳақида билишга ҳақли. У ўзини дадил ва бехавотир ҳис қилиши, соғ-саломат ўсиб-улғайиши, ривожланиши учун ҳам буни билиши керак. Аммо у ҳали гапирмаётган бўлса, бизнинг сўзларимиз маъносини қандай чақади? Ва у билан мулоқот чоғида ота-она тафсилотларга қанчалик берилиши керак?

Дунёга эндигина келган чақалоқ ҳам — “гапирувчи мавжудот”. Ушбу парадоксни таниқли психоаналитик Франсуаза Дольто кўплаб китобларида тушунтириб берди. Унинг фикрича, чақалоқнинг нутққа тўйишга интилиши она сутига интилишидан кам эмас, у ота-онаси нутқини ўзига сингдириб олади. Оламни у кўриш, пайпаслаш, ҳидлаш, таъм билиш ёрдамида ҳис қилади, бироқ бошқа одамнинг унга қаратилган сўзигина унга ўзини одамлар дунёсининг бир бўлаги эканлигини ҳис этиш ва ўзининг фарқли эканлигини сезиш имконини беради.

Франсуаза Дольто бола билан мулоқот (болаларча эмас, балки очиқдан-очиқ) уларни ўзгартириши — оғриқни қолдириши, тошмани йўқотиши, уйқусини яхшилаши бўйича кўплаб исботларни келтириб ўтган.

Бола билан суҳбатлашиш унга нафақат энг муҳим нарсалар ҳақида гапириб беришни, балки у билан енгил ва эркин ҳолда дунёдаги ҳар қандай нарса ҳақида мулоқот қилишни билдиради.

Ҳали сўзлаш қобилиятига эга бўлмаганда, болалар биз билан ўз танаси тилида гаплашади. Сўзлар ёрдамида суҳбатлашишга кўникиб қолган ота-оналар бола нима демоқчи бўлаётганини тушуниши қийин. Шу туфайли чақалоқ билан мулоқот ота ёки онанинг монологи бўлиб қолаверади. Психолог Ольга Варпаховскаянинг аниқлик киритишича, болага гапириш эмас, бола билан гаплашиш керак. “Бу шуни билдирадики, у билан суҳбатлашиш, ўта батафсил ва ўткинчи мулоқот ўртасидаги мувозанатни топиш керак”, — деди у.

“Болаларча” тил, экспертлар фикрича, бола учун зарарли эмас, чунки у муҳим ролни бажаради — бола умрининг илк йилида уни мулоқотга ўргатади.

“Баланд оҳангдаги овоз (“Гу-гу!”) чақалоқнинг диққатини тортади. Шипиллайдиган ва ҳуштаксимон товушлар (“Вой, менинг қуёшчам!”) у она қорнида эшитган она нафаси товушини эслатади. Узун паузалар ва такрорланадиган бўғинлар (“Да-да! Ба-ба!”) нутқ оқимидан сўзнинг кичик қисмини илғаб олиб, уни эсда сақлашга ёрдам беради”, — деди перинатал психолог Галина Филиппова.

Унинг сўзларига кўра, бола билан у учун муҳим бўлган нарсалар ҳақида оддий тарзда гаплашиш керак. Буюмлар билан таништиришда изоҳларга берилиб кетиш керак эмас, унинг ақл-идроки узун жумлаларни тушуниш учун етарлича ривожланган эмас. Буюмни кўрсатиш, номини айтиш ва у нима қилишини тушунтириш кифоя.

Психолог мулоқот чоғида ҳозирги замондан фойдаланишни тавсия этади, ахир чақалоқ ўтган ва келажак замон ҳақида тушунчаларга эга бўлмайди: вақт ҳақидаги тушунча унда икки ёшдан кейин пайдо бўлади. Ҳозирги замонда, икки-учта сўздан иборат дарак гаплардан фойдаланган маъқул, масалан, “Қўшнимиз билан сайр қилаётган оқ-қора кучукчани кўраяпсанми?” — дейиш ўрнига, “Қара, кучукча!” — денг.