Биласизми?

Фарғонада аёл қўлидаги фарзанди билан ўзини каналга ташлади

Фарғона вилояти Қўштепа туманида ўзини фарзанди билан бирга каналга ташлаган аёл ва боласи қутқариб қолинди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ матбуот хизматига асосланиб, Sof.uz хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, 3 март куни Қўштепа тумани ИИБ ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўлинмаси бошлиғи майор Давлат Даминовга туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар кенгаши раиси Муҳаббат Мўйдинова қўнғироқ қилади.

У Дўрмон қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан оқиб ўтган катта Фарғона канали қирғоғида бир аёл қўлида вояга етмаган фарзанди билан ўйчан аҳволда ўтирганлигини, ҳозир унинг олдига бораётганлиги ҳақида хабар берган.

Мазкур хабардан сўнг майор Д.Даминов зудлик билан М.Мўйдинова айтган жойга етиб борганида, канал қирғоғида ўтирган аёл қўлидаги вояга етмаган фарзанди билан бирга ўзини каналга ташлаб юборган.

Шу вақтда воқеа жойидан ўтиб кетаётган йўловчилар Абдуҳамид Ғуломов ва Азизжон Бўтаевлар уларни қутқариш учун ўзларини сувга отишган. Улар ортидан майор Д.Даминов ҳам каналга ташланган ва аёлнинг вояга етмаган фарзандини сувдан чиқариб, қирғоқда турган йўловчи Абдураҳим Хошимовга берган.

Сўнг боланинг онасини қутқариш учун ҳаракат қилаётган фуқаролар билан биргаликда аёлни ҳам қутқариб қирғоққа олиб чиққан.

Майор Д.Даминов аёл ва унинг фарзандига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, хизмат машинасида Лангар қишлоғида жойлашган шифохонага олиб борган. Ички ишлар ходимининг ва фуқароларнинг ҳушёрлиги туфайли она-боланинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Ҳозирда 23 ёшли аёл ва унинг 2 яшар фарзандининг аҳволи қониқарли ҳолатда. Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.