Сир эмаски, миллатларга хос феъл-атвор хусусида сўз кетганида немис миллатига мансуб одамларга "тартибли", "қатъиятли", "масъулиятли" сифатлари ишлатилади. Бировдан қарз бўлишни истамайдиган, ўз аравасини ўзи тортадиган инсонларни мақтаб "немис", яъни тартиб-интизомли ҳам дейишади. Хўш, бу тарбиянинг сири нимада? Германияликлар фарзандларини қандай усуллар билан тарбия қиладилар? Қуйида шу ҳақида маълумот берамиз.
Берлин бўйлаб саёҳат қилар экансиз, хиёбонларда суҳбатлашиб қаҳва ичиб ўтирган ота-оналарнинг шўх-шодон ўйнаётган, ҳар ерга осилиб, сакраб шўхлик қилаётган болаларига деярли эътиборсиз эканликлари, уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйганларининг гувоҳи бўласиз. Болаларнинг баланд жойлардан сакраб, ҳар нарсага осилишини кўриб, хавотир олади киши. Уларга бу хавфли эканини айтган одамга болалар ҳам, ота-оналар ҳам норози нигоҳ билан қарашади. Ҳа! Германияликлар болаларини мана шундай мустақил ўсиб-улғайишларини исташади. Уларнинг фикрларича, болага ҳадеб эътибор бериш ва уни назорат қилиш унинг мустақил ва масъулиятли бўлиб ўсишига тўсқинлик қилади. Аслида хиёбондаги ота-оналар болаларига бефарқ ёки эътиборсиз эмас. Улар шу йўл билан болаларига ишонч билдирадилар.
Берлинликлар боласини ўқишга мажбурламайди. Берлиндаги мактабгача таълим муассасаларида ҳам боланинг ақлий салоҳиятини оширишга у қадар юқори урғу қаратилмайди. Агар сиз болангизга болалигиданоқ ёзиш ёки ўқишни ўргатмоқчи бўлсангиз, германияликлар наздида сиз болани нотўғри тарбия қилаётган бўласиз.
Боиси немислар наздида боғча боланинг дўстлар орттириши, дўстликни ўрганиши ва ўйнаши, болаликни ҳис қилиши, шўхликлар қилиши, ижодий тасаввурни бойитиш учун зарур бўлган макон. Ўқиш ва ёзишни эса уларга мактабда ўргатишади.
2012 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, германиялик 15 ёшли ўқувчилар математика, ўқиш ва бошқа фанларни ўзлаштиришда дунёдаги бошқа тенгдошларига қараганда пешқадам эканлар.
Берлинликлар болага ёшлигидаёқ олов билан қандай муомала қилиш кераклигини ўргатишади, бир нималарни ёқиб, хавфсиз ўчириш йўлларини кўрсатишади. Янги йил кунларида биргалашиб мушаклар отишади. Бу дунёнинг бошқа миллат ота-оналари учун ҳайратланарли тарбия, албатта.
Болаларни ёлғиз сайр қилишига рухсат берадиган ота-оналарни бошқа ерда топиш қийин. Немисча тарбия сирларидан бири ҳам шу – болалар бошланғич синфга чиққач, ота-оналарисиз мактаб атрофида, ўзлари истиқомат қиладиган мавзе бўйлаб сайр қилишади. Баъзи болалар ҳатто метрода мустақил мактабга бориб келишади. Ота-оналар бу ерда болалар хавфсизлиги ҳақида ўйлаганда болаларнинг ўғирлаб кетилишидан эмас, йўл ҳаракати билан боғлиқ бахтсиз тасодифлардан кўпроқ чўчийдилар.
Германияда болаларнинг ўғирлаб кетилиши жуда камёб ҳодиса. Америкада эса йилига камида 115 нафар бола ўғирланиши билан боғлиқ жиноят иши содир этилади.
Руҳшунос ва педагоглар ҳам боланинг ёлғиз сайр қилиши унинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатишини исботлашган. Аммо бу билан болага ёлғиз сайр қилишига қўйиб бериш керак, дегани эмас. Сизнинг мавзеингиздаги шароит бошқача бўлиши мумкин.
Немислар инсон ҳаётида 3 муҳим туб бурилиш палласи бор, деб ҳисоблашади. Einschulung – мактабга чиқиш, Jugendweihe – ўспиринга айланиш ҳамда турмуш қуриш.
Берлинда боланинг мактабга чиқадиган палласи катта байрамга айланади. Мактабга чиқадиган болага бўйи баробар келадиган йирик идишни унинг учун керак бўладиган қалам, ручка, ўчирғич, китоб, соат, дафтар, ширинлик ва болани хурсанд қиладиган бошқа нарсалар билан тўлдиришади. Бу билан ота-оналар болаларига келажак совға қилиб, бу совғалар билан унинг ўқишга бўлган завқ-шавқини оширадилар. Бу совғалар болани яхши ўқишга чорлайди.
Jugendweihe даври, яъни ўспиринлик даврига ўтишда ҳам худди шундай байрам, зиёфат уюштирилади. Ота-оналар фарзандларига ҳаётда унга билим олиши, фойдаланиши учун зарур совғалар беришади, уларни ҳаётнинг янги босқичи билан қутлашади.
Германияликлар ҳар куни болалари билан сайр қилишни яхши кўришади. Немисларнинг шундай мақоли бор: "Об-ҳавонинг ноқулайи бўлмайди. Фақатгина нобоп кийим бўлиши мумкин". Улар боғча ёки мактаб ёшидаги болаларини ҳар қандай об-ҳаво шароитида айлантиргани олиб чиқишади. Сиз ёмғир маҳалида ҳам болалар майдончаси ёки кўчада айланиб юрган оилани кўришингиз мумкин. Қор ёки совуқда ҳам болалар Берлин кўчаларида ўйнаб юришган бўлади.
Ҳа! Немислар учун тоза ҳаво шунчалар муҳим. Мактабда ҳам очиқ ҳавода дарс ўтиш имкониятидан тез-тез фойдаланилади.
Тарбиянинг яна бир жиҳати бор – оилавий дастурхон учун новвойхонадан нон олиб келиш вазифасини ота-оналар болаларига кичиклигидаёқ топширишади. Бу ҳам уларнинг масъулиятли бўлиб ўсишларига ёрдам беради. Шунда уйга нон билан қайтган бола вазифасини қойилмақом қилиб уддалаган аскар мисоли ғалаба кайфиятидан сармаст бўлади.
Немислар бола зеҳнли бўлиб улғайиши учун унга ишонч берилиши кераклигини кўп такрорлашади. Умид қиламизки, бола тарбиясида юқоридаги усулларнинг яхши ва ёмон жиҳатларига хос хулоса чиқариб бўлдингиз.
Фарзандингиз камолини кўриш сизга насиб қилсин!