Тарбия

Фарзанд тарбиясида қаттиққўллик керакми?

Қаттиққўллик ёмон эмас, аммо ўсмирлар турли хил қоида ва чекловларга қаршилик кўрсатишади, шуни ҳам инобатга олинг ва ҳар бир вазиятни имкон қадар меҳр ва сабот билан тушунтиринг.

Бирор нарсага изоҳ бермай, тақиқлаверманг. Аввал нима учун? – деган саволга жавоб беришингиз керак. Акс ҳолда, фарзандингизнинг дўсти сиз эмас, балки кўчадаги ошна-оғайнилари бўлиб қолади. Маслаҳатни канда қилмай, ҳаёт йўлини ҳам ана ўшалар кўрсатиб туришади. Айтиб турган йўллари антиқа компьютер ўйинлари бўлса майлику-я, муҳими тамаки ёки ичимликлар бўлмасин.

Шунинг учун кераксиз дўстлар ўрнига ўзингиз дўст бўлиб, зарарли одатлар ўрнини фойдалилари билан алмаштиринг. Шу билан бир каторда, болада бўш вақт қолмаслигига харакат килинг. Бирор севимли машғулоти ёки спорт билан банд бўлсин. Спорт гормонал ўзгариш пайтида бола организмига ижобий таъсир этади.

Ўзаро ҳурмат-чи?..

Агарда ўсмир фарзандингиз вақтингизга ҳурмат билан қарашини истасангиз, аввал ўзингиз унинг вақтини қадрланг. Яна гап-сўзларингизни ҳурмат қилишини истасангиз, аввал ўзингиз унинг ҳар сўзига ҳурмат билан қаранг. Унинг истаклари, орзу-умидлари, фикрини хамиша қадрланг. Ўзаро ҳурмат ўсмир фарзандни ота-онасига янада яқинлаштиради.

Ўсмир фарзандингиз фикрлари ва маслаҳатларига беэътибор бўлманг. Ҳар бир ўсмир мустақил қарор қабул килишга ўзини етарлича оқил ва доно, деб ҳисоблайди. Тўғри йўлга солиш эса, сизнинг ота-оналик иқтидорингизга боғлиқ. Масалан, хонадонингизга бирор ўзгартиришлар киритмоқчисиз, бу борада фарзандингиз фикрини сўранг ва, албатта, инобатга олинг. Шунда фарзандингиз, унинг фикрию маслаҳатларига ҳурмат билан қарашингизни кўриб, ўзини оиланинг ажралмас бўлаги, деб ҳисоблайди.

Манба: Darakchi.uz