Алимент ундириш самарадорлигини ошириш бўйича 2016 йил 21 декабрда "Тошкент шаҳрида ота-она ҳамда болаларнинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича давлат органлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" қўшма қарор ишлаб чиқилди. Бундан кўзланган асосий мақсад алиментларнинг ўз вақтида тўланишини назорат қилишдир.
2016 йилнинг 26 сентябридан 2017 йилнинг 17 январигача Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига келган мурожаатларнинг 895таси (44,8 фоиз) алимент қарздорлигини ундириш билан боғлиқ, деб ёзади Kun.uz.
Демак, бу кўрсаткич мазкур жараёнда муаммолар етарлича эканлигини тасдиқлайди.
Суд департаментининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ташкилий назорат бўлими бошлиғи Садриддин Ҳидиров билан алимент масаласи бўйича ташкил этилаётган чора-тадбирлар хусусида суҳбатлашдик:
"Айни дамда Тошкент шаҳридаги 505 та маҳаллада фуқаролар билан юзма-юз учрашувлар ташкил этилиб, инсонларни қийнаб келаётган муаммолар ўрганилмоқда. Мазкур йиғилишларда маҳалла фаоллари, суд ижрочилари, давлат идораси ходимлари, яраштирув коммиссияси аъзолари ва шу билан бирга қарздор ҳамда ундирувчи томонлар ҳам иштирок этди. Бу каби тадбирлар йил давомида ташкил этилиб, унинг негизида нафақат ундирувни таъминлаш, балки инсон ҳуқуқларини тиклаш, вояга етмаган шахс манфаатини ҳимоя қилиш ётади".
Бундан ташқари, Садриддин Ҳидиров ишсиз юриб, алиментни тўлай олмаган қарздорларга нисбатан қўшма фармойишга янгилик киритилишини таъкидлади. Унга кўра, ҳеч қаерда ишламай, вояга етмаган фарзанди учун алиментни ўз вақтида тўламаган кишилар мажбурий меҳнатга жойлаштирилади ва тушган маблағлар фарзандларга етказилади.
Бундан ташқари, Меҳнат идоралари зиммасига бўш иш ўринлари ҳақида Суд ижро бўлимига маълумот бериш вазифаси юклатилди.