Биласизми?

Фарзандимизга имтиҳон топширишда ёрдам берамиз

«Экзамен», яъни «имтиҳон» сўзи лотинчадан «синов» деб таржима қилинади. Кўпчилик болалар учун имтиҳонлар айнан синовга айланади. Бундай даврда сиз фарзандингизга қандай ёрдам беришингиз мумкин?

  1. Имтиҳонлар бошланишидан анча олдин бола билан айнан нималардан топширмоқчи, қайси фанлар унга қийинроқ туюлиши ва унинг сабаблари тўғрисида гаплашиб олинг. Бу маълумот тайёрланиш режасини биргаликда тузишга ёрдам беради.
  2. Бола билан бирга унинг «унумли соатлари»ни аниқлаб олинг. Қийин мавзуларни унумлилик юқори бўлган соатларда ўрганиш маъқулроқ.
  3. Бола билан имтиҳон арафасида кечқурун тайёрланишни тўхтатиш, сайр қилиш, ювиниш ва ўз вақтида ётиб ухлаш тўғрисида келишиб олинг. Охирги 12 соат билимни эмас, балки организмни тайёрлашга сарфланиши керак.
  4. Дам олиш кунлари болага имтиҳон топширишни репетиция қилдиринг. Ўтирғизинг ва имтиҳондагидек вақт белгиланг. «Имтиҳон» тамом бўлгандан кейин у билан биргаликда вазифанинг тўғри бажарилганини текширинг. Хатоларни тўғрилашга ҳаракат қилинг ва улар нима учун пайдо бўлгани ҳақида фикрлашиб олинг.
  5. Боланинг тайёрланиш вақтида мунтазам равишда қисқа танаффуслар қилиб туришига эътибор беринг.
  6. Боланинг имтиҳонда оладиган баҳоси тўғрисида хавотирланманг ва имтиҳондан кейин болани танқид қилманг. Болани имтиҳонлар баҳоси унинг имкониятларининг ҳақиқий ўлчови эмаслиги тўғрисидаги фикрга ишонтиринг.
  7.  Болаларга далда беринг, уларнинг қилган яхши ишларини мақтанг.
  8. Боланинг ўзига бўлган ишончини оширинг, чунки бола омадсизликдан қанча кўп қўрқса, хатога йўл қўйиш эҳтимоли шунча каттароқ бўлади.

Манба: Daryo.uz