Фарзандингизга мактабда танаффус чоғида ейиш учун ҳам мазали, ҳам фойдали бўлган қандай егуликларни бериб юбориш мумкин?
Аввало, бола учун ёрқин ва чиройли ланч-бокс сотиб олинг. Унга солинадиган озиқ-овқатларнинг барчасини ейиш учун тўлиқ тайёр ҳолатга келтиринг: уларни ювинг ва кесиш керак бўлганларини кесинг. Вақтингиз ва хоҳишингиз бўлса, яхшиси, турли шакллар, кулгили юзлар шаклида кесинг.
Болалар бир мартада кўп нарса ея олмайди, шунинг учун катта бутербродларни яхшиси кичиги билан алмаштиринг, катта олма ўрнига узум доналаридан солинг, шунда бола ўртоқлари билан ҳам бемалол бўлиша олади.
Сендвич тайёрлашда хилма-хиллик бўлиши учун крекер, вафли ёки юпқа лавашдан фойдаланинг, ахир бир хил нон тез жонга тегиб қолади.
Сабзавотларни духовкада пиширишингиз ёки грилда қовуриб олишингиз мумкин, шунингдек, болангизга мева ва бутундонли кулча нонларни бериб юборишингиз мумкин.
Энг муҳим микроэлементлар манбалари бўлиб ёнғоқлар ва қуруқ мевалар ҳам ҳисобланади. Бу маҳсулотларни фарзандингиз рационига киритинг.
Иссиқ ва совуқ маҳсулотларни бирга жойламанг — бундай муҳитда микроблар тез кўпаяди. Шунингдек, колбаса маҳсулотлари ва қаттиқ пишлоқдан фойдаланманг, улар иссиқлик таъсирида ўзидан ёғ ажратади ва ҳам кўриниши, ҳам мазаси жиҳатидан ёқимсиз ҳолатга келади.
Болага дўкондан олинган эмас, уйда қайнатиб совитилган сув ёки компотни бериб юборинг. Шунингдек, оддий бутилкаларни чиройли сув ичадиган махсус идишлар билан алмаштириш мумкин, шунда ичимликни кийимига тўкиб қўйиши эҳтимоли ҳам камроқ бўлади.
Манба: Daryo.uz